1Мусо бошчилигида Исроил халқи Иордан дарёсининг шарқида бўлган шоҳларни мағлуб қилиб, уларнинг ерларини эгаллаб олган эди. Бу шоҳлар жанубдаги Арнон сойлигидан шимолдаги Хермон тоғигача бўлган ерларда ҳукмронлик қилган эди. Уларнинг ерлари Иордан водийсининг [1] шарқидаги барча ерларни ўз ичига олар эди.
2Исроил халқи мағлуб қилган шоҳлардан бири Амор халқининг шоҳи Сихўн [2] эди. У Хашбон шаҳрида яшаган эди. Унинг шоҳлиги Арнон сойлигининг четида жойлашган Арор шаҳрини ва ўша сойликнинг ўртасидан то Явоқ дарёсигача чўзилган жойларни, яъни Гиладнинг ярмини ўз ичига олар эди. Явоқ дарёси Оммон халқи ерининг чегараси эди.
3Сихўн Иордан водийсининг шарқ томонида ҳам ҳукмронлик қилган эди. Бу ҳудуд шимол томондаги Жалила кўлининг [3] ғарбий қирғоқларигача, жануб томондаги Ўлик денгизгача [4], Байт–Яшимўтдан Фисгах тоғ тизмасининг ён бағирларигача бўлган жойларни ўз ичига олар эди.
4Мағлуб бўлган Башан шоҳи Ўг [5] ўз шаҳарлари Аштарўт ва Эдрейда яшарди. У Рафа халқининг[6] қолганларидан бири эди.
5Унинг шоҳлиги шимолдаги Хермон тоғигача, шарқдаги Салко шаҳригача чўзилиб, ғарбдаги Гашур ва Махо шоҳликларининг чегараларигача етиб борган Башан ерларини ҳам ўз ичига олган эди. Бу шоҳлик яна Гиладнинг шимолий ярмини ҳам ўз ичига олиб, Хашбон шоҳи Сихўн ҳудуди чегарасигача етиб борарди.
6Эгамизнинг қули Мусо ва Исроил халқи мана шу икки шоҳни мағлуб қилиб, уларнинг ерларини эгаллаб олишган эди. Мусо шу ерларни Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярмига [7] мулк қилиб берган эди.
7Иорданнинг ғарбида — шимолдаги Лубнон водийсида жойлашган Баал–Гаддан тортиб, жанубдаги Сеир ёнида жойлашган Халак тоғигача бўлган жойларда яшаган шоҳларни Исроил халқи Ёшуа бошчилигида мағлуб қилди. Ўша шоҳларнинг ерларини Ёшуа Исроил қабилаларига мулк қилиб бўлиб берди.
8Қирларни, ғарбдаги қирлар этакларини, Иордан водийсию унинг ғарбидаги қир ён бағирларини, Яҳудо адирларидаги ва Нагав чўлидаги [8] ерларни бўлиб берди. Бу ерларда Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив ва Ёбус халқлари яшашарди. Исроил халқи мағлуб қилган шоҳлар қуйидагилардир: