Ёшуа 14:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Иордан дарёсининг ғарбида Канъон юртидаги ерлардан Исроил халқининг қолган қабилалари мулк олдилар. Руҳоний Элазар [1], Нун ўғли Ёшуа ва Исроил қабилаларининг бошлиқлари бу ерларни қабилаларга бўлиб беришди.

2Иордан дарёсининг ғарбида мана шу тўққиз қабила ва бир қабила ярмисининг улушлари, Мусога Эгамиз буюргандай, қуръа ташлаб белгиланди [2].

3[3-4] Иорданнинг шарқида эса Мусо икки қабилага ва бир қабиланинг ярмисига улуш бериб бўлганди. Юсуфнинг икки ўғли Манаше ва Эфрайимдан икки қабила келиб чиққан эди. Аммо Исроил қабилалари орасида Леви қабиласи ҳеч қандай улуш олмади [3]. Уларга фақат ўзлари яшаши учун шаҳарлар ва қўй–молларини боқиш учун шаҳарлар атрофидаги яйловлар берилди.

5Шундай қилиб, Эгамиз Мусога буюргандай, Исроил халқи ерларни бўлиб олдилар.

6Бир куни Яҳудо қабиласидан бир неча киши Ёшуанинг олдига келишди. Исроил халқининг ҳаммаси ҳали ҳам Гилгалдаги қароргоҳда эдилар. Ханаз авлодидан бўлган Яфунах ўғли Холиб [4] ўша кишилар орасида эди. У Ёшуага шундай деди: — Кадеш–Барна шаҳрида бўлганимизда, Худонинг одами Мусо сиз ва мен ҳақимизда нима деганини биласиз. Мусо Эгамиз номидан гапирди.

7Эгамизнинг қули Мусо мени Кадеш–Барнадан мана шу ерларни текшириб келиш учун юборганда қирқ ёшда эдим. Мен қайтиб келиб унга бор ҳақиқатни айтдим.

8Мен билан бирга борганлар халқни ваҳимага солган бўлса ҳам, мен Эгам Худога содиқ қолдим.

9Ўша куни Мусо қасам ичиб шундай деган эди: “Сен Канъон юртида босиб ўтган ерлар абадий сенга ва авлодларингга ажратилган мулк бўлиб қолади, чунки сен Эгам Худога содиқ қолдинг.”

10Мана кўриб турганингиздек, Эгамиз Мусога шундай деб гапирганига қирқ беш йил бўлди. Ўша пайтда Исроил халқи саҳрода юрган эди. Худойим Ўзи айтгандай ўшандан бери жонимни сақлаб келяпти. Мана ҳозир саксон беш ёшдаман.

11Мусо мени юборган кунда қандай бақувват бўлган бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. Ҳалигача жангга ҳам, қолган барча ишларга ҳам қувватим етади.

12Энди Эгамиз ўша куни ваъда қилган қирларни менга беринг [5]. Ўша куни айғоқчиларнинг: “Иноқ авлоди [6] у ерда ўзларининг катта, мустаҳкам шаҳарларида яшаркан”, — деган гапларини ўзингиз эшитдингиз. Аммо Эгамиз мен билан бирга бўлса, Эгамизнинг Ўзи айтгандай, мен уларни бу юртдан ҳайдаб чиқараман.

13Шундан кейин Ёшуа Холибни дуо қилиб, Хеврон шаҳрини [7] унга мулк қилиб берди.

14Шундай қилиб, Холиб Исроил халқининг Худоси — Эгамизга содиқ қолгани учун Хеврон шаҳри унинг ва авлодининг мулки бўлиб қолди.

15Хевроннинг эски номи Хират–Арба эди. Арба Иноқ авлоди орасида энг машҳур киши бўлган эди.

15Энди эса юртда тинчлик барқарор бўлди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>