Ёшуа 18:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Исроил халқи бутун юртни қўлга киритгандан кейин бутун Исроил жамоаси Шилў шаҳрида [1] йиғилди. Улар ўша ерда Учрашув чодирини тикдилар.

2Исроил халқининг орасида ҳали улуш олмаган еттита қабила қолган эди.

3Ёшуа Исроил халқига шундай деди: “Қачонгача ота–боболарингиз Худоси — Эгамиз сизларга берган юртни қўлга киритишни орқага сурасизлар?!

4Ҳар бир қабиладан уч кишини танланглар. Мен уларни бутун юртни кезиб чиқиш учун юбораман. Улар ўз қабилаларининг улуши бўйича, ўша ерни тасвирлаб ёзиб келишади.

5Жанубдаги Яҳудо қабиласининг ҳудуди ва шимолдаги Юсуф авлодларининг [2] ҳудудларидан ташқари қолган бутун юртни еттига бўласизлар.

6Кейин шуларни ёзиб, менинг олдимга олиб келинглар. Мен Эгамиз Худо олдида сизлар учун қуръа ташлайман [3].

7Сизларнинг орангизда Леви қабиласига улуш бермайман. Эгамизга руҳоний бўлиб хизмат қилиш уларнинг улушидир. Гад, Рубен қабилалари ва Манаше қабиласининг бошқа ярми [4] Иорданнинг шарқ томонида ўз улушларини олиб бўлганлар. Эгамизнинг қули Мусо ўша ерларни уларга берган.”

8Шундай қилиб, Ёшуа ернинг тасвирини ёзиб келишни буюрган кишилар йўлга тушдилар. Улар кетмасдан олдин, Ёшуа уларга шундай деб тайинлаган эди: “Бутун ерни кезиб, унинг тасвирини ёзиб келганингиздан кейин, мен Шилўда, Эгамиз олдида сизлар учун қуръа ташлайман.”

9У кишилар бориб, ерни етти қисмга бўлдилар. Бутун юртни тасвирлаб ёзиб, шаҳарларини рўйхатга олдилар. Кейин Ёшуанинг олдига, Шилўдаги қароргоҳга қайтиб келдилар.

10Ёшуа Шилўда, Эгамиз олдида улар учун қуръа ташлаб, ўша ерларни Исроил халқига бўлиб берди. Қуръа бўйича ҳар бир қабилага бир улушдан берди.

11Қуръа ташланганда Бенямин қабиласига Яҳудо қабиласи ва Юсуф авлодлари [5] ҳудудларининг орасидаги ерлар улуш бўлиб тушди.

12Бенямин ҳудудининг шимолий чегараси шарқ томонда Иордан дарёсидан бошланади, кейин Ерихо қирининг ён бағридан шимол томонга боради. Қирлар бўйлаб ғарб томонга ўтиб, Байт–Обун атрофидаги саҳрога боради.

13У ердан чегара Луз, яъни Байтил томонга бориб, Лузнинг жанубидаги қир бўйлаб чўзилади. Кейин чегара Отрўт–Адар шаҳрига бориб, у ердан пастки Байт–Хўрон шаҳрининг жанубидаги қиргача боради.

14У ердан чегара Байт–Хўрон қаршисидаги қирнинг ғарб томони бўйлаб жануб томонга чўзилиб, Хират–Баал, яъни Хират–Ёрим қишлоғида тугайди. Бу қишлоқ Яҳудо қабиласига тегишли. Ғарбий чегара мана шудир.

15Ғарбда жанубий чегара Хират–Ёримнинг четидан бошланиб, Нафтува булоқларигача боради.

16Кейин чегара Рафа сойлигининг шимолидаги тоғ этагига боради. Хиннум сойлиги мана шу ердан бошланарди. Чегара жануб томонга давом этиб, Хиннум сойлиги бўйлаб Ёбуснинг [6] жанубидаги қир ён бағрига боради. У ердан эса Эн–Рўғол томонга қараб давом этади.

17Чегара у ердан шимолга, Эн–Шамаш томонга бурилади ва Адум довонининг қаршисидаги Гелилўтга боради. Кейин Рубен ўғли Бўхан номи билан аталган тошнинг ёнидан ўтади.

18Кейин Иордан водийсининг [7] ёнидаги қир ён бағрининг шимол томонидан ўтиб, водийни ҳам кесиб ўтади.

19У ердан чегара Байт–Хўглах қирининг шимол томонига ўтиб, Иордан дарёси Ўлик денгизга [8] қуйиладиган жойда тугайди. Бу Бенямин қабиласи ҳудудининг жанубий чегарасидир.

20У ернинг шарқий чегараси Иордан дарёсидир. Бенямин қабиласига улуш қилиб берилган ерларнинг чегаралари мана шулар эди.

21Қуйидаги шаҳарлар Бенямин қабиласига берилди: Ерихо, Байт–Хўглах, Эмих–Қазиз,

22Байт–Араба, Заморайим, Байтил,

23Авим, Поро, Ўфра,

24Хафар–Оммонах, Офнах ва Ғибо. Ҳаммаси бўлиб ўн иккита шаҳар ва уларнинг атрофларидаги қишлоқлар.

25Қуйидаги шаҳарлар ҳам Бенямин қабиласига берилди: Гивон, Рама, Берўт,

26Миспах, Хафира, Мўзох

27Раҳем, Йирпаел, Тарало,

28Зила, Элеф, Ёбус (яъни Қуддус), Гиво ва Хират–Ёрим [9]. Ҳаммаси бўлиб ўн тўртта шаҳар ва уларнинг атрофларидаги қишлоқлар.

28Мана шу ерларни Бенямин қабиласига Ёшуа улуш қилиб берди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>