Ёшуа 20:1-9 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз бир куни Ёшуага шундай деб айтди:

2Исроил халқига шу гапларни етказгин: “Мусо орқали сизларга буюрганимдай [1], паноҳ шаҳарларни белгиланглар.

3Шунда бирортаси билмасдан одам ўлдириб қўйса, қочиб ўша шаҳарлардан бирига борсин. Ўлган одамнинг қариндошлари қасос олмоқчи бўлиб [2], қотилнинг орқасидан қувиб борса, у мана шу шаҳарларнинг бирида паноҳ топади.

4Шаҳарга етиб боргандан кейин, қотил шаҳар дарвозаси олдида [3] ўтирган шаҳар раҳбарларига ўз вазиятини тушунтирсин. Шунда уни шаҳарга олиб кириб, уй–жой беришади.

5Қасоскор қотилнинг орқасидан қувиб келса, уни қасоскорга бермаслик керак. Ахир, у одамни билмасдан ўлдириб қўйган, уларнинг орасида ҳеч қандай душманлик йўқ эди.

6Жамоа йиғилиб, қотилни ҳукм қилмагунча, ўша одам паноҳ шаҳарда қолиши лозим. Айбсиз, деб топилгандан кейин [4] эса қотил ўша пайтда хизмат қилаётган олий руҳонийнинг ўлимига қадар паноҳ шаҳарда яшаши керак. Олий руҳонийнинг ўлимидан кейингина у ўзи қочиб келган жойга қайтиб бориши мумкин.”

7Иордан дарёсининг ғарб томонида Исроил халқи паноҳ шаҳарлар қилиб қуйидаги шаҳарларни ажратди: Нафтали қабиласига тегишли қирларда жойлашган Жалиладаги Кедеш шаҳри, Эфрайим қабиласига тегишли қирлардаги Шакам шаҳри, Яҳудо қабиласининг қирларидаги Хират–Арба, яъни Хеврон шаҳри.

8Иордан дарёсининг шарқида, Ерихо шаҳрининг қарши томонида эса Исроил халқи қуйидаги шаҳарларни паноҳ шаҳарлар қилиб ажратди: ясси тепалик саҳросида жойлашган Рубен қабиласига тегишли бўлган Базер шаҳри, Гад қабиласига тегишли Гиладдаги Рамўт шаҳри, Манаше қабиласига [5] тегишли Башандаги Гўлон шаҳри.

9Мана шу шаҳарлар Исроил халқи ва уларнинг орасида яшаётган бегоналар учун ажратилди. Агар бирортаси билмасдан одам ўлдириб қўйса, ўша паноҳ шаҳарлардан бирига қочиб боради. Шундай қилиб, жамоа адолатли ҳукм чиқармагунча, одам ўлдирган киши паноҳ шаҳарда хавф–хатарсиз бўлиб, уни қувиб келган қасоскор қўлида ҳалок бўлмайди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>