Ёшуа 23:1-16 UZV2013 - Bible AI

1Анча йиллар ўтди, Эгамиз Исроил халқига уларнинг атрофларидаги душманларидан тинчлик берган эди. Ёшуа ҳам ёши анча ўтиб, қариб қолган эди.

2У бутун Исроил халқини, уларнинг оқсоқолларию бошлиқларини, ҳакам ва назоратчиларини чақириб шундай деди: “Менинг ёшим ҳам ўтди, анча қариб қолдим.

3Эгангиз Худо сизлар учун атрофингиздаги халқларни нима қилганини кўрдингиз. Эгангиз Худонинг Ўзи сизлар учун жанг қилди.

4Мен Исроил халқининг қабилаларига шарқда Иордан дарёсидан бошлаб ғарбдаги Ўрта ер денгизигача бўлган ерларни мулк қилиб бердим. Мен сизларга мағлуб бўлган халқларнинг ҳам, ҳали мағлуб қилинмаган халқларнинг ҳам ерларини бердим.

5Эгангиз Худонинг Ўзи ўша халқларни олдингиздан ҳайдаб, орқага чекинтиради. Эгангиз Худонинг Ўзи ваъда қилгандай, сизлар уларнинг ерларини эгаллайсизлар.

6Мусонинг Таврот китобида [1] ёзилган барча қонунлардан четга чиқманглар. Уларни битта ҳам қолдирмай бажаринглар.

7Орангизда қолган ўзга халқларга қўшилманглар. Уларнинг худоларининг номларини тилга ҳам олманглар, ўша худоларнинг номи билан қасам ичманглар. У худоларга сажда ҳам қилманглар, хизмат ҳам қилманглар.

8Аммо шу пайтгача қилиб келганингиздай, Эгангиз Худога содиқ қолинглар.

9Эгамиз сизларнинг олдингиздан катта ва кучли халқларни ҳайдаб чиқарди, мана шу кунгача ҳеч ким сизларга бас кела олгани йўқ.

10Эгангиз Худо ваъда қилгандай, Унинг Ўзи сизлар учун жанг қилади. Душманларнинг мингтаси биттангизга бас кела олмайди.

11Шунинг учун доимо чин дилдан Эгангиз Худони севинглар.

12Ундан юз ўгирманг, орангиздаги ўзга халқлар билан аралашманг, улар билан қуда–андачилик қилманг.

13Агар шундай қилсангиз, билиб қўйингки, Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг олдингиздан бошқа ҳайдаб чиқармайди. Улар сизларга қопқон ва тузоқдай, биқинларингизга қамчидай, кўзларингизга эса тикандай бўлади. Охири, Эгангиз Худо сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда бирортангиз ҳам тирик қолмайсиз.

14Мен ҳам бир бандаман, умрим охирлаб боряпти. Шубҳасиз, ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади.

15Эгангиз Худо сизларга ваъда қилган барча яхши нарсаларни рўёбга чиқарди. Агар Эгамизга итоат қилмасангиз, У сизларни огоҳлантириб айтган кулфатларни бошингизга солади. Оқибатда У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртдан сизларни бутунлай йўқ қилиб ташлайди.

16Агар сизлар Эгангиз Худо билан қилган аҳдни бузиб, бошқа худоларга эргашсангиз, уларга хизмат қилиб, сажда қилсангиз, сизларга қарши Эгамизнинг ғазаби қўзғайди–да, У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртдан тезда қирилиб кетасизлар.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>