Ёшуа 8:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Ёшуага айтди: “Қўрқма, ваҳимага тушма, барча жангга яроқли эркакларни бошлаб, Ай шаҳрига боргин. Мана, Ай шоҳини унинг халқи, шаҳри ва ери билан бирга сенга берганман.

2Ерихо ва унинг шоҳини нима қилган бўлсангиз, Ай ва унинг шоҳини ҳам худди шундай қиласизлар. Фақат шаҳардаги мол–мулкларни ва мол–қўйларни ўзингизга ўлжа қилиб олсангиз бўлади. Шаҳарнинг орқасида пистирма қўйинглар.”

3Ёшуа ва ҳамма жангга яроқли эркаклар Айга ҳужум қилишга тайёрланишди. Ёшуа ўз лашкари орасидан ўттиз минг жангчини танлаб олди. Тунда жўнатаётиб,

4уларга шундай буйруқ берди:

4— Бориб, шаҳарнинг орқасида пистирма қуринг, шаҳардан узоққа борманг, ҳаммангиз сергак бўлиб туринг.

5Мен одамларим билан шаҳарга яқинлашаман. Улар бизга қарши чиққанда, олдингидай биз улардан қочамиз.

6Бизни қувиб, душманлар шаҳардан анча узоқлашиб кетади. Улар ўзларича: “Душманларимиз яна олдингидай биздан қочяпти”, деб ўйлашади. Биз қочаётганимизда эса

7сизлар пистирмадан чиқиб, шаҳарни оласизлар. Эгангиз Худо уни сизларнинг қўлингизга беради.

8Шаҳарни олганингиздан кейин Эгамиз буюргандай, уни ёндирасизлар. Мана шу буйруқларни ижро этинг.

9Шу сўзлар билан Ёшуа уларни жўнатиб юборди. Улар Айнинг ғарбида — Ай ва Байтил оралиғида пистирма қўйиб, ўша ерда кутиб ётдилар. Ўша тунни Ёшуа қароргоҳда ўтказди.

10Эртаси куни, тонг пайти Ёшуа жангчиларини бир жойга йиғиб, қабилаларнинг бошлиқлари билан бирга уларни Айга бошлаб борди.

11Барча жангга яроқли кишилар у билан кетди. Улар шаҳарга яқинлашиб, Айнинг шимолида қароргоҳ қуришди. Ай ва уларнинг орасида жарлик бор эди.

12Ёшуа беш мингга яқин одамни Айнинг ғарбидаги, Ай ва Байтил шаҳарларининг оралиғида пистирма қўйишга юборди.

13Шундай қилиб, жангчилар жанговар ҳолатга келтирилди. Уларнинг асосий қисми шаҳарнинг шимолида, қоровуллар бўлинмаси эса шаҳарнинг ғарбида эди. Ёшуа эса ўша тунни жарликда ўтказди.

14Буни кўрган Ай шоҳи эртаси куни тонгда шошилиб, бутун лашкари билан Иордан водийси [1] рўпарасидаги бир жойга Исроил халқи билан жанг қилишга борди. Аммо у шаҳарнинг орқасида ўзига қарши пистирма қўйилганини билмас эди.

15Ёшуа ва бутун Исроил лашкари ўзларини енгилаётгандай кўрсатиб, саҳро тарафга [2] қочишди.

16Ёшуа ва Исроил қўшинини қувиш учун Ай шаҳридаги барча эркаклар чақирилди. Улар Ёшуа ва Исроил лашкарини қувиб, шаҳардан анча узоқлашиб кетишди.

17Ай ва Байтилда Исроил лашкарини қувиш учун чиқмаган бирорта ҳам эркак қолмади. Шаҳарни қўриқлашга ҳеч кимни қолдирмай, Исроил лашкарини таъқиб қилдилар.

18Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Қўлингдаги найзани Ай томонга узат, ўша шаҳарни сенинг қўлингга бераман.” Ёшуа қўлидаги найзасини шаҳар томонга узатди.

19У қўлини узатиши биланоқ пистирмада яшириниб ўтирган жангчилар тезда туриб олдинга югурдилар. Улар шаҳарга киришди. Шаҳарни қўлга олиб, дарров унга ўт қўйишди.

20Ай лашкари орқага қараса, ёнаётган шаҳарнинг тутуни кўкка кўтариляпти. Улар на у ёққа, на бу ёққа қоча олардилар, чунки саҳрога қочган Исроил лашкари энди орқага бурилиб, уларга қарши чиққан эди.

21Ёшуа ва бутун Исроил лашкари шаҳардан тутун чиқаётганини кўриб, пистирмадагилар шаҳарни олганини билишди. Шунда улар орқага бурилиб, Ай шаҳрининг одамларига ҳужум қилдилар.

22Исроил лашкарининг шаҳардагилари ҳам Ай одамларига қарши чиқишди. Шундай қилиб, Исроил лашкари уларни у томондан ҳам, бу томондан ҳам қуршаб олишган эди. Исроил лашкари уларнинг ҳаммасини қириб ташлади. Ҳеч ким тирик қолмади, бирортаси ҳам қочиб кета олмади.

23Аммо Ай шоҳини тириклигича ушлаб, Ёшуанинг ҳузурига олиб келишди.

24Исроил лашкари шаҳар ташқарисида — саҳрода бутун Ай қўшинини қириб ташлашди. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлгандан кейин Исроил лашкари Айга бориб, у ерда қолганларнинг ҳаммасини йўқ қилди.

25Ўша куни бутун Ай аҳолиси, ҳаммаси бўлиб ўн икки мингта эркак ва аёл ҳалок бўлди.

26Айда яшовчиларнинг ҳаммаси йўқ қилинмагунча [3], Ёшуа найза ушлаган қўлини туширмади.

27Эгамиз Ёшуага буюргандай, Исроил лашкари фақатгина мол–қўй ва шаҳар аҳолисининг мол–мулкини ўзларига ўлжа қилиб олди.

28Ёшуа Ай шаҳрини ёндириб юборди. Ўша шаҳар бугунги кунгача [4] вайрон бўлиб ётибди.

29Ай шоҳини эса қатл эттириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди. Унинг жасади кечгача ўша ерда осилиб турди. Қуёш ботгандан кейин, Исроил жангчилари Ёшуанинг буйруғига кўра, жасадни ходадан тушириб, шаҳар дарвозасининг остонасига ташладилар. Унинг устига катта тош уюми тўпладилар. Шу тош уюми бугунгача ўша ердадир.

30Кейин Ёшуа Исроил халқининг Худоси — Эгамизга Эбал тоғида қурбонгоҳ қурди [5].

31Эгамизнинг қули Мусо уларга Таврот китобида [6] буюргандай [7], ҳеч қандай темир асбоб ишлатмасдан, йўнилмаган тошлардан қурбонгоҳ қурди. Улар ўша қурбонгоҳда Эгамизга куйдириладиган қурбонлик ва тинчлик қурбонликлари келтирдилар.

32Ўша ерда — Исроил халқининг кўз олдида Ёшуа тошларга Мусо ёзган қонунларнинг нусхасини ёзди.

33Қабила оқсоқоллари, қабила назоратчиларию ҳакамлари қаторида бутун Исроил халқи ва уларнинг орасида яшаётган қондош бўлмаганлар ҳам Эгамиз аҳд сандиғининг қаршисида — уни кўтариб турган леви руҳонийларининг олдида туришди. Халқнинг ярмиси Гаризим тоғи этагида, ярмиси Эбал тоғи [8] этагида турарди. Эгамизнинг қули Мусо, Исроил халқини дуо қилиш вақти келганда шундай қилинглар, деб буюрган эди.

34Кейин Ёшуа Таврот китобида ёзилгандай, қонунларнинг ҳар бир сўзини, барака ва лаънатларга оид парчаларни ўқиди.

35Бутун Исроил жамоаси олдида, аёллару болалар, Исроил халқи орасида яшаётган, уларга қондош бўлмаганлар олдида, Мусо уларга буюрган қонунларни Ёшуа битта қолдирмай ўқиди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>