Амос 1:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Ушбу китобда тахувалик чўпонлардан бири бўлган Амоснинг сўзлари баён этилган. Исроил тўғрисидаги бу сўзлар Амосга зилзиладан икки йил аввал ваҳий орқали аён бўлган эди. Ўша даврда Яҳудо юртида шоҳ Уззиё, Исроил юртида эса Йўш ўғли шоҳ Ёрибом ҳукмронлик қилаётган эдилар.

2Амос шундай деди: Эгамиз Сиондан туриб ўкиради, Қуддусдан гулдурос овози янграйди! Чўпонларнинг яйловлари қуриб қолади, Кармил чўққисидаги ўтлар хазон бўлади.”

3Эгамиз шундай демоқда: “Дамашқ аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар Гилад аҳолисини темир тишли хўптир билан янчиди.

4Шундай экан, Мен шоҳ Хазайилнинг саройига олов ёғдираман, Олов Банҳададнинг қалъаларини куйдириб ташлайди.

5Мен Дамашқ дарвозаларининг тамбаларини синдираман. “Қабиҳлик водийси”нинг ҳукмдорини йўқ қиламан, Байт–Эденда салтанат ҳассасини тутган зотни ҳалок қиламан. Орам халқи асирликка тушади, Хир юртига олиб кетилади.” Эгамизнинг каломи шудир.

6Эгамиз шундай демоқда: “Ғазо аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар бутун бир халқни асирликка олиб, Эдомга қул қилиб сотдилар.

7Шундай экан, Мен Ғазо деворига олов ёғдираман, Олов Ғазо қалъаларини куйдириб ташлайди.

8Мен Ашдод шаҳрининг ҳукмдорини йўқ қиламан, Ашқалонда салтанат ҳассасини тутган зотни ҳалок қиламан. Эхрон шаҳрига қарши қўл кўтараман, Омон қолган Филистларни қириб ташлайман!” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

9Эгамиз шундай демоқда: Тир аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар биродарлик иттифоқини унутиб, Бутун бир халқни Эдомликларга қул қилиб сотдилар.

10Шундай экан, Мен Тир деворига олов ёғдираман, Олов Тир қалъаларини куйдириб ташлайди.”

11Эгамиз шундай демоқда: “Эдом аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар қардоши Исроил халқига раҳм қилмадилар. Уларни қилич билан таъқиб қилиб, Қаҳрини чексиз сочдилар, Ғазабидан ҳеч тушмадилар.

12Шундай экан, Мен Темон шаҳрига олов ёғдираман, Бозрах қалъаларини олов куйдириб ташлайди.”

13Эгамиз шундай демоқда: Оммон халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди, Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар ҳудудини кенгайтириш учун Гиладга ҳужум қилдилар, Ўшанда ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёрдилар.

14Шундай экан, Мен Рабба шаҳрининг деворига ўт қўяман, Олов Рабба қалъаларини куйдириб ташлайди. Ўша куни жангдаги ҳайқириқлар фалакни тутади, Жанг бўрон каби авж олади.

15Оммон шоҳи сургун қилинади, У билан бирга мулозимлар ҳам олиб кетилади.” Эгамизнинг каломи шудир.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>