1Эгамиз шундай демоқда: “Мўаб халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар Эдом шоҳининг қабрини булғадилар, Суякларини ёндириб оҳак қилдилар.
2Шундай экан, Мен Мўаб устига олов ёғдираман, Олов Харийўт қалъаларини куйдириб ташлайди. Шовқин–сурон остида, босқинчиларнинг ҳайқириқларию, Бурғу садолари остида Мўаб халқи ҳалок бўлади.
3Мен Мўаб ҳукмдорини йўқ қиламан, У билан бирга мулозимларини қириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.
4Эгамиз шундай демоқда: “Яҳудо халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар қонунларимдан юз ўгирдилар. Қоидаларимни бажармадилар. Ота–боболари сингари сохта худоларга сиғиниб, Ҳақ йўлдан оздилар.
5Шундай экан, Мен Яҳудо юртига олов ёғдираман, Олов Қуддус қалъаларини куйдириб ташлайди.”
6Эгамиз шундай демоқда: “Исроил халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар айбсизларни пулга сотяптилар. Камбағалларни бир жуфт чориққа алмаштиряптилар.
7Йўқсилнинг бошини тупроққа қориб, оёқ ости қиляптилар, Мазлумни йўлдан четга итариб чиқаряптилар. Ота ва ўғил битта жувон билан ётиб, Мени бадном қиляптилар.
8Улар ҳар бир қурбонгоҳ олдида Гаровга олган либослар устида ётибдилар. Ўз Худосининг уйида, Жарима эвазига олган шаробни ичяптилар.
9Эй Исроил халқи, Мен сизни деб, Амор халқини йўқ қилган эдим. Уларнинг бўй–басти садр дарахтидай баланд, Эман дарахтидай бақувват бўлган бўлса–да, Мен уларнинг мевасини қовжиратган эдим, Илдизини қуритган эдим.
10Амор халқининг юртини сизларга мулк қилиб бераман деб, Сизларни Миср юртидан олиб чиққандим. Қирқ йил саҳрода сизларга йўл кўрсатиб юргандим.
11Фарзандларингиздан пайғамбарлар тайинладим, Ҳа, Ўзимга йигитларингиздан назрлар танладим. Шундай эмасми, эй Исроил халқи?! — деб айтмоқда Эгамиз. —
12Сизлар эса назр қилинган одамларимга шароб ичирдингиз, Пайғамбарларимга: ‘Башорат қилманглар!’ деб буюрдингиз.