Амос 4:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Эй Самария аёллари, эшитинг! Сизлар Башандаги бўрдоқи сигирлардай семириб кетгансиз, Камбағалларга жабр қиласиз, йўқсилни эзасиз, Эрларингиздан ичкилик талаб қиласиз.

2Эгамиз Раббий Ўз муқаддас номи ҳақи онт ичиб демоқда: “Шундай кунлар келадики, Сизларни илмоқлар билан судраб кетишади, Орқада қолганларингизни қармоқлар билан тортиб кетишади.

3Ҳар бирингиз тўппа–тўғри девордаги тешиклардан чиқиб кетасизлар. Сизларни Хармонга улоқтиришади, — деб айтмоқда Эгамиз. —

4Қани, энди Байтилга бориб гуноҳ қилаверинг! Гилгалда гуноҳларингизни кўпайтиринг! Саҳардан қурбонликлар келтиринг, Эртасига ушрлар олиб келинг!

5Хамиртурушли нонларни Менга шукрона назри қилинг, Кўнгилдан чиқариб берган қурбонлигингиз ҳақида Жар солиб ҳаммага айтинг, Ахир, бундай қилишни хўп яхши кўрасиз, эй Исроил халқи! — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —

6Мен ҳамма шаҳарларингизда сизларга Тишингизнинг кирини сўрдирдим, Қишлоқларингизни нонга зор қилдим, Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —

7Экинзорларингизга сув керак бўлганда, Мен ёмғир ёғдирмадим. Бир шаҳарга ёмғир ёғдириб, Бошқасига ёғдирмас эдим. Бир далани ёмғир сувига тўйдирардим, Бошқасига ёмғир ёғдирмай, қуритар эдим.

8Шунда икки–уч шаҳар аҳолиси сув ичгани Бошқа шаҳарга оёғини судраб борарди. Лекин сизлар сувга тўймадингизлар. Шунда ҳам Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —

9Мен ҳосилингизга шира ва оққиров қасалини юбордим. Чигирткалар қайта–қайта боғу узумзорларингизни, Анжир ва зайтун дарахтларингизни нобуд қилди, Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —

10Мисрда бўлгани каби, орангизга фалокат юбордим. Йигитларингизни қиличдан ўтказдим, Отларингизни душманларингизга бердим. Қароргоҳингиздаги жасадларнинг қўланса ҳиди билан Димоғингизни тўлдирдим. Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —

11Садўм ва Ғамўрани йўқ қилганим каби, Мен кўпларингизни йўқ қилдим. Сизлар алангадан чиқариб олинган ёнаётган ўтиндай эдингизлар. Шунда ҳам Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —

12Шундай экан, эй Исроил, Мен сени жазолайман. Худонинг олдида ҳисоб беришга тайёрлангин!”

13Зеро, Худо тоғларга шакл берди, Шамолни юзага келтирди. У ўй–фикрини инсонларга аён қилади, Тонгги шафақ нурини зулматга айлантиради, Тоғ чўққилари узра юради. Парвардигори Олам — Эгамиздир Унинг номи!

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>