Амос 5:1-26 UZV2013 - Bible AI

1Эй Исроил халқи, мен сен ҳақингда айтаётган марсиямга қулоқ солгин:

2Бокира қиз Исроил талафот кўрди, Энди у ҳеч қачон ўзини ўнглаб олмайди! Ташлаб кетилган, у ўз юртида ағнаб ётади, Унга туриш учун ҳеч ким ёрдам бермайди.

3Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Бир шаҳрингдан жангга чиққан мингта жангчидан Юзтаси омон қолади. Бошқа шаҳрингдан жангга чиққан юзта жангчидан Ўнтаси омон қолади.”

4Исроил халқига Эгамиз шундай демоқда: “Менга интилинглар, шунда яшайсизлар.

5Байтилга эса борманглар, Гилгалга оёқ босманглар, Бэршэва томон ўтиб юрманглар. Ахир, Гилгал аҳолиси сургун қилинади, Байтил буткул вайрон бўлади.”

6Эгамизга интилинг, шунда яшайсиз. Акс ҳолда, эй Юсуф хонадони, Сизга Худо оловдай ёпирилади, Олов Байтилни ямлаб ютади. Ёнғинни ўчирадиган одам бўлмайди.

7Эй, адолатни заҳар ўтга айлантирганлар, Ҳақиқатни ерга улоқтирганлар, Сизнинг ҳолингизга вой!

8Парвин ва Ҳулкар юлдузларини яратган Эгамиздир, У зулматни тонгги нурга айлантиради, Кундузни қоронғиликка чўктириб, тун қилади, Денгиз сувларини йиғиб, ер юзига сочиб юборади. Эгамиздир Унинг номи.

9У кучлилар устига кулфат ёғдиради, Қалъаларни кулфатга гирифтор қилади.

10Сизлар эса адолатли қозилардан нафратланасизлар, Ҳақиқатни гапирувчилардан ҳазар қиласизлар.

11Камбағалнинг буғдойидан солиқ олиб, уни эзасизлар. Шундай экан, йўнилган тошдан қурган уйларингизда яшамайсизлар. Барпо қилган гўзал узумзорларингиз маҳсулидан шароб ичмайсизлар.

12Мен биламан сизлар гуноҳга ботиб кетганингизни, Кўплаб жиноятларга қўл урганингизни. Сизлар айбсиз кишини эзиб, пора ейсизлар, Маҳкамаларда фақирни адолатдан маҳрум қиласизлар.

13Шунинг учун фаросатли одам бундай замонда сукут сақлайди, Ахир, бу ёвуз замондир.

14Ёмонликнинг эмас, Яхшиликнинг пайида бўлинглар, Шунда яшайсизлар. Парвардигори Олам — Эгамиз ҳам, Ўзларингиз айтганингиздай сизлар билан бирга бўлади.

15Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни севинг, Маҳкамаларда адолат ўрнатинг. Балки шунда, эй Юсуф наслидан омон қолганлар, Парвардигори Олам — Эгамиз сизга илтифот қилар.

16Эй Исроил халқи, гуноҳларингиз туфайли Раббий, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Ҳамма шаҳар майдонларида одамлар дод–фарёд кўтаришади, Ҳамма кўчаларда ‘Вой жоним! Вой жоним!’ дея йиғи–сиғи қилишади. Деҳконларни аза тутиш учун чақиришади, Марсия айтадиган йиғичи аёллар ёлланади.

17Ҳар бир узумзордан фиғон эшитилади, Ахир, Мен орангиздан ўтиб, сизларни жазолайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

18Эгамизнинг кунини интизорлик билан кутганларнинг ҳолига вой! Нега Эгамизнинг кунини кутяпсизлар? Бу кун ёруғлик эмас, зулмат олиб келади–ку!

19Ўша куни сизлар гўё арслондан қочиб, Айиққа дуч келган одамдай бўласизлар. Ўша одам айиқдан ҳам қочиб, уйига келади, Қўли билан деворга суянганда уни илон чақади.

20Наҳот тушунмасангиз?! Эгамизнинг куни ёруғлик эмас, Қоронғулик олиб келади–ку! Ўша кун нурсиз, зулмат куни бўлади!

21Эгамиз шундай дейди: “Эй Исроил халқи! Мен маросимларингиздан нафратланаман, Улардан ҳазар қиламан. Муқаддас йиғинларингизни хуш кўрмайман.

22Менга қурбонликлар куйдирсангиз ҳам, Дон назрларини атасангиз ҳам, Мен уларни қабул қилмайман. Семиз ҳайвонларингизни сўйиб, Тинчлик қурбонликларини келтирсангиз ҳам, Мен улардан рози бўлмайман.

23Бўлди, бас қилинг сершовқин ашулаларингизни, Мен эшитмайман торингизнинг наволарини.

24Ундан кўра сувдай оқсин адолат, Тўхтовсиз дарёдай оқсин ҳақиқат.

25Эй Исроил халқи, сизлар жуда кўп қурбонликлар келтирасизлар! Мен ота–боболарингизни қирқ йил саҳрода олиб юрганимда, улардан шу қадар кўп қурбонлигу назрларни талаб қилмадим!

26[26-27] Сизлар ўзингиз учун ясаган илоҳий шоҳингиз Сиккут ва юлдуз худоси Кивуннинг тасвирларига топиндингизлар. Шунинг учун Мен сизларни Дамашқ ортидаги юртга сургун қиламан. Қани энди туринглар! Ўша худоларнинг тасвирларини кўтариб олиб кетинглар.” Эгамизнинг каломи шудир. Парвардигори Оламдир Унинг номи.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>