Амос 9:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Мен қурбонгоҳнинг олдида турган Эгамизни кўрдим, У шундай деди: Маъбад устунқошларига шундай зарба берингларки, Пойдеворлари ларзага келсин. Устунқошлар одамлар устига ўпирилиб тушсин. Омон қолганларни Мен қиличдан ўтказаман, Улардан биронтаси ҳам қочиб кетолмайди. Ҳеч қайсиси қутулиб қолмайди.

2Улар ер қазиб, ўликлар диёрига киришса ҳам, Мен қўлимни узатиб, уларни чиқариб оламан. Осмонга чиқиб олишса ҳам, У ердан тортиб тушираман.

3Кармил чўққисида яшириниб олишса ҳам, Уларни овлаб, қўлга тушираман. Мендан қочиб, денгиз тубига бекиниб олишса ҳам, Денгиз илонига амр бериб чақдираман.

4Душманлар уларни асирликка олиб кетишса ҳам, Қиличга амр бериб, ҳаммасини қириб ташлайман. Уларга яхшилик эмас, ёмонлик келтиришга қарор қилдим.”

5Сарвари ОламРаббий Ерга қўл теккизса ер ўпирилиб кетади, Бутун ер юзи Нил тўлқинларидай Баланд кўтарилиб пастга тушади. Ерда яшовчи ҳар бир мавжудот аза тутади.

6Эгамиз осмонда Ўзига маскан қурди, Ер узра осмон гумбазини ўрнатди. Денгиз сувларини йиғиб, Ер юзига сочиб юборадиган Ўшадир. Эгамиздир Унинг номи.

7Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил халқи, Сизнинг Ҳабашистонликлардан ортиқ жойингиз бормиди?! Мен Исроилни Мисрдан қандай олиб чиққан бўлсам, Филист халқини ҳам, худди шундай Хафтўрдан олиб чиққанман, Орам халқини ҳам Хирдан чиқарганман.

8Мен, Эгангиз Раббий, Гуноҳкор Исроил шоҳлигини кузатиб турибман. Уни ер юзидан супуриб ташлайман, Ёқуб хонадонини эса батамом йўқ қилмайман, — деб айтмоқда Эгамиз. —

9Мен амр бераман, Шунда барча халқлар орасида, Буғдой элагандай Исроилни ғалвирдан ўтказаман. Яхши доннинг биронтаси ерга тушмайди.

10Халқим орасидаги ҳамма гуноҳкорлар эса қиличдан ҳалок бўлади, Ахир, бундай одамлар шундай айтишади: ‘Кўрмаймиз биз ёмонлик, Бошимизга тушмас бирор кўргилик.’

11Ўша куни Мен Довуд шоҳлигини тиклайман. Ҳозир у қийшайиб кетган кулбадай бўлса–да, Деворларидаги ёриқ жойларини тузатаман, Бузилган жойларини кўтараман. Уни қайта қуриб илгариги ҳолатга қайтараман.

12Шунда Исроил халқи эгалик қилади Эдомликларнинг омон қолганларига, Қўлим остидаги ҳамма халқларга.” Эгамизнинг каломи шудир, У айтганларини бажо қилади.

13Эгамиз шундай демоқда: “Шундай вақтлар келадики, Деҳқон ҳосилни йиғиб улгурмасидан, Ерни шудгор қилиш вақти келади. Шаробни тайёрлаб улгурмасидан, Узумнинг янги ҳосили пишади. Тоғлардан ширин шароб томади, Ҳамма қирлардан пастга оқиб тушади.

14Мен халқимни ўз юртига қайтариб олиб келаман. Улар вайрон бўлган шаҳарларни қайта қуриб, У ерда ўрнашиб оладилар. Узумзорларни барпо қилиб, шаробини ичадилар. Боғлар яратиб, меваларини ейдилар.

15Мен уларни ўз юртида кўкартираман. Мен берган юртдан Уларни ҳеч ким суғуриб ташламайди.”

15 Эгангизнинг каломи шудир.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>