Аюб 1:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Бир вақтлар Уз деган юртда Аюб исмли бир одам яшар эди. Бу одам айбсиз ва солиҳ эди. У Худодан қўрқарди, фосиқликдан юз ўгирган эди.

2Унинг еттита ўғли ва учта қизи бор эди.

3Унинг яна етти мингта қўйи, уч мингта туяси, омочга қўшиладиган беш юз жуфт ҳўкизлари, беш юзта эшаги ва жуда ҳам кўп хизматкорлари бор эди. Бу киши шарқда яшайдиганлар орасида энг буюк одам эди.

4Аюбнинг ўғиллари бир–бирларининг уйларига бориб, зиёфатлар уюштиришар, опа–сингилларини ҳам меҳмонга чақиришар эди.

5Зиёфатлар тугагандан кейин Аюб фарзандларини чақиртирарди. “Фарзандларим юракларида Худони лаънатлаб, гуноҳ қилган бўлишлари мумкин”, дея эрта тонгда уларнинг ҳар бири учун куйдириладиган қурбонликлар келтириб, уларни покларди. Аюб ҳар доим шундай қилар эди.

6Бир куни самовий мавжудотлар Эгамизнинг олдига келишди. Уларнинг орасида шайтон ҳам бор эди.

7Шайтондан Эгамиз: “Қаердан келяпсан?” — деб сўради. Шайтон: “Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим”, — деб жавоб берди.

8Шайтонга Эгамиз шундай деди: “Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган.”

9Шайтон шундай жавоб берди: “Аюб бекордан–бекорга Сендан қўрқармиди?!

10Унинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан–ку! Ҳар бир қилган ишига барака берасан. Қара, унинг мол–қўйлари бутун юрт бўйлаб ёйилиб кетган.

11Ҳозир ундан бор нарсасини олиб қўйгин–чи! У юзингга қараб Сени лаънатлайди.”

12Шайтонга Эгамиз шундай деди: “Майли, Аюбнинг бор–буди сенга, фақатгина унинг ўзига қарши қўл кўтарма!” Шундай қилиб, шайтон Эгамизнинг ҳузуридан кетди.

13Бир куни Аюбнинг фарзандлари зиёфат қилиб ўтиришган эди. Улар энг катта акаларининг уйида йиғилгандилар.

14Аюбга бир хизматкори қуйидаги хабарни келтирди: “Ҳўкизларингизни омочга қўшиб, ер ҳайдаётган эдик. Эшаклар олдимизда ўтлаб юрганди.

15Бир тўда Саволиклар бизга ҳужум қилишди. Улар ҳамма ҳайвонларни ўғирлаб кетишди. Далада ишлаётганларнинг ҳаммасини эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

16У шу гапларни айтиб улгурмасданоқ, яна бир хабарчи келиб, шундай деди: “Осмондан чақмоқ тушиб, ҳамма қўйларингиз ва чўпонларингизни куйдириб юборди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

17У гапларини тугатмасдан туриб, учинчи хабарчи келиб шундай деди: “Уч тўда Халдейликлар келиб, туяларингизни ўғирлаб кетишди. Хизматкорларингизни эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

18У шу гапларни айтаётган ҳам эдики, яна бир хабарчи келиб деди: “Ўғил–қизларингиз энг катта акаларининг уйида зиёфат қилиб ўтиришган эди.

19Бирданига чўлдан қаттиқ шамол туриб, уйни тўрттала томонидан урди. Уй қулаб тушиб, фарзандларингизни босиб қолди. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”

20Аюб туриб, қайғудан кийимини йиртиб ташлади. Кейин сочини қириб ташлаб, ерга мук тушди.

21У шундай деди: “Онамнинг қорнидан яланғоч тушгандим, дунёдан ҳам яланғоч кетаман. Ҳамма нарсамни Худо берган эди, Худонинг Ўзи олиб қўйди. Эгамнинг номига ҳамду санолар бўлсин!”

22Шунча кўргиликлардан кейин ҳам, Аюб Худони айбламади, гуноҳ қилмади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
iv>