Аюб 2:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Бир куни самовий мавжудотлар Эгамизнинг олдига келишди. Шайтон ҳам Эгамизнинг ҳузурига келди.

2Шайтондан Эгамиз: “Қаердан келяпсан?” — деб сўради. Шайтон Эгамизга: “Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим”, — деб жавоб берди.

3Шайтонга Эгамиз шундай деди: “Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган. Сен эса бекорга Мени унга зарар кўрсатишга ундадинг. Қара, у ҳали ҳам солиҳлигида маҳкам турибди.”

4Шайтон шундай жавоб берди: “Жонига азоб бериб кўр–чи, нима қилар экан?! Кўрасан, инсон ўз жонини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсадан воз кечади.

5Ҳозир унинг танасини дардга йўлиқтиргин, у юзингга қараб Сени лаънатлайди.”

6Шайтонга Эгамиз шундай деди: “Майли, Аюбни қўлингга топширдим. Уни фақат тирик қолдиргин.”

7Шайтон Эгамизнинг ҳузуридан чиқиб, Аюбни бошидан оёғигача жирканчли яралар билан қоплаб ташлади.

8Аюб кул уюмлари орасида, сопол парчаси билан яраларини қашлаб ўтирарди.

9Хотини унга: “Ҳамон солиҳлигингизда маҳкам тураверасизми?! Худони лаънатланг–да, ўлиб қўя қолинг”, — деди.

10Аюб эса хотинига шундай жавоб берди: “Сен аҳмоқ хотинлардай гапиряпсан. Худонинг қўлидан яхши нарсаларни қабул қиламиз–у, ёмонларини олмаймизми?” Шунча азоб–уқубатдан кейин ҳам Аюб Худога қарши гапириб, гуноҳ қилмади.

11Аюбнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида унинг уч дўсти эшитди. Булар темонлик Элифаз, шувахлик Билдад ва намахлик Зўфар деган одамлар эди. Улар Аюбга ҳамдардлик билдириб, тасалли бериш ниятида йиғилдилар. Уни кўришга келдилар.

12Дўстлари Аюбни узоқдан кўриб таний олмадилар. Қаттиқ дод–фарёд солиб, кийимларини йиртишди, бошлари узра тупроқ сочишди.

13Улар Аюб билан бирга етти кун–етти кеча ерда ўтирдилар. Мана шу кунлар давомида ҳеч бири Аюбга гапирмади, чунки у жуда қаттиқ азоб чекаётганини кўриб турар эдилар.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
iv>