1Аюб яна гап бошлаб шундай деди:
2“Менга адолат қилмай, Қалбимни яралаган Қодир Худо шоҳид!
3Танамда Худо ато қилган жон бор экан, Охирги нафасим чиқмагунча,
4Оғзимдан фисқу фасод эшитилмас, Тилимдан ёлғон сўзлар чиқмас.
5Ҳеч қачон сизлар ҳақ, деб тан олмайман, Ўлгунимча айбсиз эканлигимни рад қилмайман.
6Иккиланмай ўзим ҳақлигимни айтавераман, Ҳаёт эканман, виждоним тоза менинг.
7Душманим фосиқлардай жазо олсин, Рақибларим ёвузлардай жазолансин.
8Худосиз одам ҳаётдан маҳрум бўлганда, Унда қандай умид қолади? Худо уни йўқ қилганда умиди бўладими?
9Худосизларнинг бошига кулфат тушганда, Худо уларнинг фарёдига қулоқ тутармикин?
10Ахир, улар Қодир Худодан завқ топмайдилар–ку! Улар ҳар доим ҳам Худога илтижо қилмайдилар–ку!
11Худонинг қудрати ҳақида сизларга ўргатаман. Қодир Худонинг йўлларини сизлардан яширмайман.
12Ахир, ўзингиз буларнинг ҳаммасини кўргансиз–ку! Шунда ҳам бекорчи гапларни гапиришни қўймайсиз.
13Фосиқларнинг тақдири қуйидагичадир, Қодир Худо золимларнинг бошига солгани мана шудир:
14Уларнинг фарзандлари кўпайса ҳам, Барибир урушда ҳалок бўлади. Зурриёти ҳеч қачон нонга тўймайди.
15Тирик қолганларини ўлат нобуд қилади, Бевалари эса аза ҳам тутолмайди.
16Кумушлари чангдай кўп бўлса ҳам, Кийим–кечаклари уюм–уюм бўлса ҳам,
17Ўша кийимларни солиҳлар кияди, Кумушларини эса айбсизлар бўлиб олади.
18Фосиқларнинг уйлари қуш инидай мўрт бўлади, Дала қоровулларининг капалари сингари бўлади.
19Фосиқлар кечқурун ёстиққа бош қўйганда бой бўлса, Кўзларини очиб қараганда, бор бойликлари йўқолиб кетган бўлади.
20Ваҳима уларни сув тошқинидай босади, Тунда бўронлар уларни учириб кетади.
21Шарқ шамоли уларни олиб кетади, Фосиқларни ўз жойларидан супуриб ташлайди.
22Бу шамол шафқатсизларча уларга ташланади, Фосиқлар шамолнинг кучидан қочишга уринади.
23Шамол уларнинг устидан кулади, Ҳуштак чалиб, уларни даҳшатга солади.