1Шундан кейин Эгамиз қуюн орасидан Аюбга шундай деб айтди:
2Билмай туриб гапираётган ким? Ким донолигимга гумон қиляпти?
3Қани, эркакка ўхшаб белингни боғла, Сени сўроқ қиламан, жавоб бер–чи.
4Заминнинг пойдеворини қўйганимда қаерда эдинг? Доно экансан, қани айт–чи!
5Ер юзининг четларини белгилаган ким? Ахир, ўзинг биласан–ку! Ким ернинг устидан чизиқ ўтказди?
6[6-7] Ернинг пойдеворини нима ушлаб турибди? Тонг юлдузлари жўр бўлиб, қўшиқ куйлаганда, Самовий мавжудотлар қувончдан ҳайқирганда Ернинг тамал тошини қўйган ким?
8Денгиз ер тубидан отилиб чиққанда, Дарвозаларни ёпиб, тўсиб қўйган ким?
9Ахир, Мен булутларни денгизга кийим қилиб қўйдим. Денгизни қалин зулмат билан ўраб қўйган Менман.
10Мен денгизга чегаралар белгиладим, Денгизни тамбаланган дарвозалар билан тўсиб қўйдим.
11Мен денгизга: “Фақат мана шу ергача келасан, Сенинг мағрур тўлқинларинг шу ерда тўхтайди”, деб айтдим.
12Сен умрингда бирор марта тонг отсин, деб буюрганмисан? Ёки шарқдан кун чиқсин, деб айтганмисан?
13Қуёш нурига: “Ернинг тўрт бурчига тарқалиб, Фосиқларни яширинган жойидан силтаб чиқаргин”, деб айтганмисан?
14Кун ёришар экан, матодаги безаклар каби, Муҳр босилган мум каби, Ер юзидаги қирлару водийлар ўз шаклини кўрсатади.
15Фосиқларга нур берилмайди, Уларнинг ёмон ниятда кўтарилган қўли синади.
16Денгиз тубидаги булоқларни бориб кўрганмисан? Сувлар тубида юриб, текшириб кўрганмисан?
17Ўлим дарвозалари қаердалигини биласанми? Зулмат дарвозаларини сенга кўрсатишганми?
18Бу дунёнинг қанчалик улканлигини биласанми? Агар шуларнинг ҳаммасини билсанг, Менга айт–чи!
19Ёруғликнинг масканига олиб борадиган йўлни, Зулматнинг турар жойини биласанми?
20Уларни ўз жойларига олиб бора оласанми? Ўша жойга қандай боришни биласанми?
21Ҳа, сен биласан албатта! Сен ёруғлик ва зулматдан олдин туғилгансан–да! Қанчалик узоқ умр кўряпсан–а!
22Қор сақланадиган омборхоналарни кўрганмисан? Дўл сақланадиган омборларни–чи?
23Мен уларни кулфат кунлари учун, Уруш ва жанг кунлари учун сақлаб қўйганман.
24Ёруғлик манбаига олиб борадиган йўл қани? Шарқ шамоли чиқадиган жой қаерда?
25Селу жалага ким йўл очиб берган? Чақмоқнинг йўлларини ким белгилаган?
26Ҳувиллаб ётган биёбонга, Кимсасиз чўлга ким ёмғир ёғдиради?
27Ташландиқ харобазорларни сувга қондириб, У ерларда майсалар ўстирадиган ким?
28Ёмғирнинг отаси борми? Шабнамни ким дунёга келтирган?
29Муз қаердан туғилади? Самодан тушадиган қировга ким ҳаёт берган?
30Сув тошлардай қотиб қолади, Денгиз сатҳи музлайди.
31Ҳулкар юлдузини ушлаб турган арқонларни ечиб ташлай оласанми? Парвин юлдузларини сен боғлаб қўя оласанми?
32Юлдуз туркумларини ўз мавсумида жойига бошлайсанми? Катта айиқ ва кичик айиқ буржидаги юлдузларга йўл кўрсата оласанми?
33Осмон қонунларини биласанми? Сен ўша қонунларни ер юзига татбиқ қила оласанми?
34Булутларга қараб бақириб кўргин–чи, Қани устингга ёмғир ёғармикан?
35Сен чақмоқни чақтира оласанми? У келиб, хизматингиздаман, дейдими?
36Ким юракларга донолик берган? Каллага ақл–идрокни ким солиб қўйган?
37[37-38] Қани, булутларни санашга кимнинг ақли етади? Қуруқ тупроқни лойга айлантириб, Кесакларни бир–бирига ёпиштириш учун Ким фалак мешларини ағдариб, ёмғир ёғдира олади?
39[39-40] Ғорларида яширин ётган, Инларида кутиб ётган Шернинг болаларини тўйдира оласанми, Она шерга ўлжа топиб бера оласанми?
41Қарғанинг болалари қорни очиб, дайдиб юрганда, Менга фарёд қилганда эҳтиёжларини қондирган ким, ахир?