1Шундан кейин Аюб яна гапирди:
2“Қани энди, қайғуларимни ўлчашнинг иложи бўлса эди, Менинг кулфатларим тарозида тортиб кўрилса эди.
3Улар денгиз қумларидан ҳам оғирроқ чиққан бўлар эди. Шунинг учун ҳам ўпоқ–сўпоқ гаплар айтдим.
4Қодир Худо отган найзалар танамдадир, Руҳим уларнинг заҳридан ичмоқда. Худонинг барча даҳшатлари менга қарши тайёрланган.
5Асов эшак ўт йўқлигида ҳанграйди–ку! Ҳўкиз ҳам оҳурида ем бўлмаса бўкиради–ку!
6Тузсиз овқатни еб бўлмайди–ку! Пиширилмаган тухум оқи ахир, нақадар бемаза!
7Уларни кўриб иштаҳам йўқолади. Уларни ейишни ўйласам кўнглим айнийди.
8Қани энди, тилагим бажо бўлса эди, Худо ниятимни бажо келтирса эди!
9Қани энди, Худо мени эзиб ташлашга рози бўлса эди, Қўлига эрк бериб, жонимни олса эди.
10Ана ўшанда мен тасалли топган бўлардим, Ҳатто оғриқларимга қарамай қувонган бўлардим, Чунки Муқаддас Худонинг сўзларини мен рад қилганим йўқ.
11Қачонгача кутаман ахир, кучим етармикан?! Охири нима бўлади ўзи? Нима учун сабр–тоқат қилишим керак?!
12Мен тошдай қаттиқ эмасман–ку! Менинг танам темирдан эмас–ку!
13Йўқ, ўзимга ўзим ёрдам беролмайман, Ҳеч бир чора–иложим йўқ.
14Қайғу–алам тортаётган инсон Қодир Худодан қўрқишни рад қилган бўлса ҳам, Ўша инсонга содиқ дўстлар керак.
15Аммо дўстларимга ҳам ишониб бўлмайди, Улар оқиб ўтиб кетадиган ирмоқлардайдир.
16Ўша ирмоқлар музу қор эриганда тошиб оқади,
17Иссиқ ҳавода эса улар қуриб қолади, Кун қизиганда ғойиб бўлади.
18Карвонлар бу ирмоқларни қидириб, Йўлларидан адашиб кетадилар. Юриб–юриб, чўлда ҳалок бўладилар.
19Темо юртининг карвонлари ҳам сув қидириб келадилар, Шава юртидан келганлар ҳам сувга умид қиладилар.
20Аммо ўша ирмоқларга ишонганлар тушкунликка тушадилар, У ерга бориб, гангиб қоладилар.
21Сизлар ҳам мен учун худди ўша ирмоқлардайсизлар. Кулфатимни кўриб туриб, ваҳимага тушяпсизлар.
22Сизлардан бирон нарса сўрадимми?! Ёки бойлигингиздан бериб, мени қутқаринглар, деб айтдимми?!
23Душманларимнинг қўлидан қутқаринглар, дедимми?! Ёки зўравонлардан мени халос қилинглар, деб сўрадимми?!
24Менга ўргатинглар, майли жим тураман. Қандай нотўғри иш қилганимни тушунтириб беринглар.
25Ҳақиқат сўзлари нақадар аччиқ! Лекин гапларингиз нимани исботляпти?
26Мени беҳуда гапларни айтяпти, деб ўйлайсиз. Шундай экан, нимага тушкунликда айтганларимга жавоб қайтарасиз?!
27Сизлар ҳатто етимлар учун қуръа ташлаган бўлардингиз. Дўстингиз устидан савдолашиб, уни сотган бўлардингиз.
28Энди марҳамат қилиб менга қаранглар, Мен сизларга ёлғон гапирмайман.
29Бас энди, ноҳақлик қилманг. Ахир, менинг айбим йўқ–ку!
30Ё гапимда бирор ноҳақлик борми? Тилим ёвузликнинг таъмини ажрата билмайдими?!