1Мазкур китобда Исо Масиҳнингваҳийси баён этилган. Яқин орада юз берадиган ҳодисаларни Худо Ўз қулларига аён қилиш учун бу ваҳийни Исо Масиҳга берди. Исо Масиҳ Ўз фариштасини қули Юҳаннонинг олдига юбориб, ушбу ваҳийни кўрсатди.
2Юҳанно Худонинг каломи ва Исо Масиҳнинг шаҳодати тўғрисида нималар кўрган бўлса, ҳаммаси ҳақида гувоҳлик бермоқда.
3Ушбу башорат сўзларни овоз чиқариб ўқиётган одам бахтлидир. Уни тинглаб, китобда ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир. Ахир, бу ҳодисаларнинг вақт–соати етди.
4[4-5]Асия вилоятидаги еттита имонлилар жамоатига Юҳаннодан салом! Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Худодан, Унинг тахти олдида турган етти руҳдан, шунингдек, ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи шоҳларининг Ҳукмдори бўлган содиқ шоҳид — Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин. Исо Масиҳ бизни севади. У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан халос этди.
6У биздан Шоҳлик яратди, бизни Отаси Худога хизмат қиладиган руҳонийлар қилиб тайинлади. Қудрат Соҳиби бўлган Масиҳга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
7Ана, У булутларда келяпти! Ҳар бир кўз Уни кўради, Ҳатто Унга найза санчганлар ҳам Унга кўз тикади. Дунёнинг жамики қабилалари У туфайли йиғлайди. Дарҳақиқат, ҳаммаси айтилгандай бўлади! Омин.
8“Мен — Ибтидо ва Интиҳодирман, — деб айтмоқда Эгамиз Худо. — Мен олдин бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Қодир Худодирман.”
9Мен биродарингиз Юҳанноман. Исонинг азоблари, Унинг Шоҳлиги ва сабр–тоқатини баҳам кўрган шеригингизман. Мен Худонинг каломини ваъз қилиб, Исо ҳақида гувоҳлик берганим учун Патмос оролига сургун қилинганман.
10Ҳафтанинг биринчи кунида Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен орқамдан карнай садосига ўхшаш кучли бир овозни эшитдим. Овоз шундай деди:
11“Кўрганларингни китобга ёзиб бор. Сўнг уни Эфес, Смирна, Пергам, Тиятира, Сардис, Филаделфия ва Лаодикия шаҳарларидаги имонлиларнинг еттита жамоатига юбор.”