Ваҳий 10:1-11 UZV2013 - Bible AI

1Мен осмондан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим. У булутга бурканган эди. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай порлар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди.

2Унинг қўлида кичкинагина очилган ўрама қоғоз бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйганича,

3шер ўкиргандай қаттиқ ҳайқирди. У ҳайқирганда еттита момақалдироқ ҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади.

4Еттита момақалдироқ гапирганда, мен ёзмоқчи бўлдим. Лекин осмондан бир овоз шундай деди:

4— Еттита момақалдироқнинг гапларини ёзма, уларни сир сақла!

5Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди.

6[6-7] У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди. Еру осмонни, денгиз ва уларни тўлдирган жамики жониворларни яратган Худо ҳақи онт ичиб, шундай деди:

6— Худо пайғамбар қулларига Ўзининг сир тутган режасини маълум қилганди. Еттинчи фаришта карнай чалганда, Худо ўша режасини амалга оширади. Энди кечиктирмайди.

8Осмондан келган овоз менга яна деди: — Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидан очиқ ўрама қоғозни ол.

9Мен фариштанинг ёнига бориб: — Ўрама қоғозни менга беринг, — дедим. Фаришта менга деди: — Мана, ол! Уни егин! У ичингни ачитиб юборади, оғзингга эса асалдай ширин таъм беради.

10Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим. У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди.

11Сўнг менга шундай деб айтишди: — Сен яна кўп элатлар ҳақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак.