Ваҳий 11:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Менга ўлчаш учун бир қамиш берилди, сўнг шундай деб айтилди: “Бор, Худонинг Маъбадини ва қурбонгоҳни ўлчаб чиқ. У ерда сажда қилувчиларни санагин.

2Маъбаднинг ташқи ҳовлисини эса қолдир, уни ўлчама. Чунки у ер бутпарастларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни қирқ икки ой оёқ ости қиладилар.

3Мен икки шоҳидимга қудрат бераман. Улар эгниларига қанор кийиб, 1260 кун давомида ваъз қиладилар.

4Бу икки шоҳид — бутун дунё Эгасининг ҳузурида турган иккита зайтун дарахти ва иккита чироқпоядир.

5Борди–ю, биронтаси уларга озор етказмоқчи бўлса, уларнинг оғзидан олов чиқиб, ўша душманни еб битиради. Уларга озор беришни истаганлар шу йўсинда ҳалок бўлади.

6Бу икки шоҳид ваъз қиладиган кунларда ёмғир ёғмаслиги учун Худо уларга осмонни беркитиш қудратини берган. Уларга яна сувни қонга айлантириш ва ер юзини истаган вақтларида турли балою офатларга йўлиқтириш қудрати берилди.

7Улар шаҳодат бериб бўлганларидан кейин, тубсиз чуқурликдан чиққан бир маҳлуқ улар билан жанг қилади, уларни енгиб, ўлдиради.

8Уларнинг жасадлари буюк шаҳарнинг кўчасида ётади. Шоҳидларнинг Раббийси Исо ҳам ўша шаҳарда хочга михланган эди. Ўша шаҳарнинг рамзий номи Садўм ва Мисрдир.

9Барча элу қабилалар, миллату халқлардан бўлган одамлар уч ярим кун давомида уларнинг жасадларини томоша қиладилар. Уларни дафн этишга рухсат беришмайди.

10Ер юзида яшаётганлар шоҳидларнинг ўлимидан севиниб хурсандчилик қилишади. Бир–бирларига ҳадялар юборишади. Чунки иккала пайғамбар ер юзида яшовчиларга кўп азоб берган эди.”

11Аммо уч ярим кундан кейин иккала пайғамбарнинг вужудига Худонинг ҳаёт нафаси кирди. Шунда улар оёққа турдилар. Уларни кўрган ҳаммани қаттиқ ваҳима босди.

12Икки пайғамбар осмондан келган баланд бир овознинг: “Бу ёққа чиқинглар!” — деганини эшитишди, шунда улар душманларининг кўз ўнгида булут ичида осмонга кўтарилишди.

13Ўша заҳоти шиддатли зилзила юз берди. Шаҳарнинг ўндан бир қисми қулади. Зилзилада етти минг киши нобуд бўлди. Қолганлари эса ваҳимага тушиб, Самовий Худони улуғлашди.

14Иккинчи ҳалокат ўтди. Мана, учинчи ҳалокат тез яқинлашяпти.

15Еттинчи фаришта карнайини чалди. Осмонда баланд овозлар янгради. Улар шундай деб айтаётган эдилар:
“Энди бу дунё ҳукмронлиги, Эгамизга ва Унинг Масиҳига тегишлидир. Улар абадулабад ҳукмронлик қилишади.”

16Шунда Худонинг ҳузуридаги ўз тахтларида ўтирган йигирма тўрт нафар оқсоқол юз тубан ерга мук тушдилар. Улар Худога сажда қилиб дедилар:

17“Ё Қодир Худо — Эгамиз! Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан. Биз Сенга ташаккурлар айтамиз. Ахир, Сен буюк қудратингни намоён этдинг, Ҳукмронлик қила бошладинг.

18Халқлар Сендан ғазабланганди, Энди Сен ҳам ғазабга миндинг. Энди вақти келди ўликларни ҳукм қилишга, Пайғамбар қулларингни, азизларингни мукофотлашга, Сендан қўрққан каттаю кичикни тақдирлашга. Ерни вайрон қилганларни вақти келди хонавайрон қилишга!”

19Сўнг Худонинг осмондаги Маъбади очилди. Маъбадда Худонинг Аҳд сандиғи кўринди. Ўшанда чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, зилзила бошланди, шиддатли дўл ёғди.