Ваҳий 12:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Осмонда ажойиб бир аломат рўй берди: қуёшга бурканган бир аёл пайдо бўлди. Унинг оёқлари остида ой ва бошида ўн икки юлдузли тож бор эди.

2Аёл ҳомиладор бўлиб, уни тўлғоқ тутар, дард билан бақирар эди.

3Сўнгра осмонда бошқа бир аломат кўринди: етти бошли, ўнта шохли улкан қизил аждаҳо пайдо бўлди. Унинг ҳар бир бошида биттадан тожи бор эди.

4У думи билан осмондаги юлдузларнинг учдан бир қисмини судраб, ерга улоқтирди. Аждаҳо тўлғоқ тутган аёлнинг олдига туриб олди. Чақалоқ туғилиши биланоқ аждаҳо уни ютиб юбормоқчи эди.

5Аёл ўғил кўрди. Келажакда барча халқларни темир хивчин билан бошқарадиган бу ўғлон дарҳол олиб кетилди. У Худонинг ҳузурига, тахтга келтирилди.

6Аёл эса чўлга қочиб кетди. У ерда 1260 кун давомида аёлга ғамхўрлик қилишсин деб, Худо махсус жой ҳозирлаб қўйган эди.

7Шундан кейин осмонда жанг бошланди. Микоил ва унинг фаришталари аждаҳога қарши чиқишди. Аждаҳо ҳам ўзининг фаришталари билан Микоилга қарши жанг қилди.

8Аммо аждаҳо талафот кўрди. Унга ва унинг фаришталарига энди осмонда жой йўқ эди.

9Улкан аждаҳо ерга улоқтирилди. Бутун дунёни алдаган бу қадимги илон иблис ва шайтон деб аталган. У ўз фаришталари билан ерга улоқтирилди.

10Шунда мен осмондан баланд овозда айтилган бу сўзларни эшитдим:
“Худойимиз нажоту қудратини аён қилди, Мана, Унинг Шоҳлиги келди. Масиҳининг ҳокимияти ўрнатилди. Ахир, биродарларимизнинг туҳматчиси ерга улоқтирилди, Ҳа, Худойимиз ҳузурида кеча–кундуз Уларга туҳмат қилаётган иблис пастга отилди.

11Улар Қўзининг қони туфайли, Ўзларининг шаҳодат сўзи туфайли уни енгдилар. Ҳатто ўлим хавфи остида бўлганларида жонларини аямадилар.

12Эй осмону фалак, хурсанд бўл! Унда яшовчилар, шодланинг! Аммо, еру денгиз, сизнинг ҳолингизга вой! Зеро, иблис олдингизга тушди. Вақти оз қолганини билиб, у қаҳру ғазабга минди.”

13Аждаҳо ўзининг ер юзига улоқтирилганини англагач, ўғил бола туққан аёлни таъқиб қила бошлади.

14Аёл ўша илондан қоча олиши учун унга катта бургутнинг икки қаноти берилди. У саҳрога — уч ярим йил давомида унга ғамхўрлик қилинадиган жойга қочиб бориши керак эди.

15Илон эса, уни сел оқизиб кетсин деб, оғзини очди–да аёлнинг кетидан дарёдай сув оқизди.

16Аммо ер аёлга ёрдам берди. Ер даҳанини очиб, аждаҳо оқизган дарёни ютиб юборди.

17Аждаҳо аёлдан қаттиқ ғазабланди. У аёлнинг бошқа фарзандлари билан жанг қилгани чиқди. Аёлнинг фарзандлари — Худонинг амрига итоат қилган ва Исонинг шаҳодатига содиқ қолган одамлардир.