Ваҳий 14:1-20 UZV2013 - Bible AI

1Мен Сион тоғида Қўзининг турганини кўрдим. Қўзи билан бирга 144.000 киши бор эди. Уларнинг пешаналарига Қўзининг ва Отасининг исми ёзилганди.

2Шунда мен осмондан бир товуш эшитдим. Бу товуш денгизнинг шовуллашидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай эди. У худди арфа чалаётган чолғучиларнинг куйига ўхшарди.

3Ўша 144.000 киши тахт олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар олдида янги бир қўшиқ куйлаётган эдилар. Дунёдан қутқариб олинган бу 144.000 кишидан бошқа ҳеч ким бу қўшиқни ўргана олмас эди.

4Бу одамлар булғанмаганлар, бокира қизлардай ўзларини пок сақлаганлар. Қўзи қаёққа борса, Унинг орқасидан эргашганлар. Инсонлар орасидан қутқариб олинган бу одамлар илк ҳосил сингари Худо ва Қўзига назр қилинганлар.

5Уларнинг тилида ёлғон–макр йўқ, улар бенуқсондирлар.

6Шундан кейин бошим узра учиб бораётган бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга абадий Хушхабарни эълон қилаётган эди.

7У баланд овозда шундай деди:
У халқларни ҳукм қиладиган вақт келди. Еру осмонни, денгизу булоқларни Яратганга сажда қилинг!”

7“Худодан қўрқинг, Уни улуғланг!

8Унинг кетидан иккинчи фаришта учиб келиб, шундай деди:
Буюк Бобил шаҳри вайрон бўлди! Бобил шаҳвоний ҳирси шаробидан Ҳамма халқларга ичирганди.”

8“Вайрон бўлди!

9Уларнинг кетидан учинчи фаришта учиб келиб, баланд овозда шундай деди:

9— Кимки маҳлуққа ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса,

10у Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир. Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар.

11Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради. Маҳлуқ ва унинг тасвирига сажда қилиб, маҳлуқ номли тамғани қабул қилганлар кечаю кундуз тинчлик кўрмайдилар.

12Бундай вазиятда Худонинг амрларига итоат қилган ва Исога содиқ қолган Худонинг азизларидан сабр–тоқат талаб қилинади.

13Шунда мен осмондан бир овоз эшитдим. У менга деди: — Шундай деб ёз: Бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир! — Ҳа, — дейди Руҳ, — улар қилган оғир меҳнатидан дам олсинлар, меҳнатининг роҳатини кўрсинлар.

14Шундан кейин мен оқ бир булутни кўрдим. Булут устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирганди. Унинг бошида олтин тож, қўлида ўткир ўроқ бор эди.

15Кейин Маъбаддан бир фаришта чиқди. У булут устида ўтирган Зотга баланд овозда шундай деди: “Ўроғингизни ишга солинг, чунки ўрим–терим вақти келди. Мана, ернинг ҳосили етилди.”

16Булут устида ўтирган Зот ерга ўроқ солди, ернинг ҳосили ўрилди.

17Осмондаги Маъбаддан бошқа бир фаришта чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди.

18Сўнг қурбонгоҳ олдидан яна бошқа бир фаришта келди. У қурбонгоҳдаги олов учун масъул эди. У ўткир ўроқли фариштага баланд овозда хитоб қилди: “Ўткир ўроғингни ишга сол. Ердаги узум бошларини йиғ. Ахир, узум пишиб бўлди.”

19Фаришта ўроғини ерга солди. Ердаги узум бошларини йиғиб, Худонинг узум эзадиган катта қаҳр–ғазаби чуқурига улоқтирди.

20Шаҳар ташқарисидаги ўша чуқурда узумларни эза бошлашди. Чуқурдан қон дарё бўлиб оқиб чиқди. Бу қонли дарё 1600 ўқ отими масофага оқиб борди, у шунчалик чуқур эдики, деярли отни кўмиб юборар эди.