Ваҳий 17:1-18 UZV2013 - Bible AI

1Еттита косани тутган етти фариштадан бири келиб, менга шундай деди: “Бу ёққа кел, мен сенга машҳур фоҳишанинг оладиган жазосини кўрсатаман. Фоҳиша тимсолидаги бу буюк шаҳар сероб сувлар бўйида жойлашган.

2Ер юзининг шоҳлари у билан зино қиларди, ер юзида яшаётганлар унинг фаҳшу зино шаробидан ичиб, маст бўларди.”

3Муқаддас Руҳ мени қамраб олди, фаришта мени чўлга олиб борди. У ерда мен қип–қизил маҳлуқ устида ўтирган бир аёлни кўрдим. Маҳлуқнинг ҳамма ёғига куфрона номлар ёзилганди, унинг еттита боши ва ўнта шохи бор эди.

4Аёл сафсар ва қип–қизил либослар кийган, олтин, жавоҳирлар ва марваридлар билан безанганди. Унинг қўлида олтин коса бор эди, бу коса жирканчли нарсаларга, фаҳшу ҳаромликларига тўлиб–тошган эди.

5Аёлнинг пешанасига сирли маънога эга бўлган шундай бир исм ёзилганди: “Буюк Бобил — фоҳишаларнинг ва ер юзидаги жирканч ишларнинг онасидир.”

6Мен аёлнинг Худо азизлари қонидан, яъни Исо шоҳидлари қонидан маст бўлганини кўрдим. Уни кўриб, ғоят даражада ҳайрон қолдим.

7Фаришта менга деди: “Нега ҳайрон бўласан? Мен сенга аёлнинг ва у минган етти бошли, ўн шохли маҳлуқнинг сирини айтиб бераман.

8Сен кўрган бу маҳлуқ қачонлардир бор эди, энди эса йўқ. У кўп ўтмай тубсиз чуқурликдан чиқади ва маҳв этилади. Дунё яратилгандан бери исмлари ҳаёт китобига ёзилмаган ер юзидаги ҳамма одамлар маҳлуқни кўриб, ҳайрон қоладилар. Чунки бу маҳлуқ бор эди, ҳозир йўқ, аммо яна келади.

9Буларни англамоқ учун ақлу идрок даркор. Маҳлуқнинг етти боши — аёл ўтирган еттита тепаликнинг тимсолидир.

10Бу етти бош еттита шоҳни ҳам билдиради. Буларнинг бештаси қулаган, биттаси ҳозир ҳукмронлик қиляпти, бошқаси эса ҳали келгани йўқ. У келганда ҳам кўп вақт турмайди.

11Илгари бор, ҳозир йўқ маҳлуқ эса еттита шоҳдан бири бўла туриб, саккизинчи шоҳ сифатида қайтиб келади ва маҳв этилади.

12Сен кўрган маҳлуқнинг ўнта шохи ҳали тахтга ўтирмаган бошқа ўнта шоҳни билдиради. Улар қисқа вақт давомида маҳлуқ билан бирга ҳукмронлик қиладилар.

13Булар бирлашиб, ўзларининг қудрати ва ҳокимиятини маҳлуққа топширадилар.

14Улар Қўзига қарши жанг қиладилар. Аммо Қўзи Ўзининг даъват этилган, танланган ва содиқ издошлари билан уларни енгади. Ахир, Қўзи ҳокимларнинг Ҳокими, шоҳларнинг Шоҳидир.”

15Фаришта менга яна шундай деди: “Сен фоҳишанинг сувлар бўйида ўтирганини кўрдинг. Бу сувлар тўда–тўда элатларни, халқлару миллатларни билдиради.

16Сен кўрган ўнта шох ва маҳлуқ фоҳишадан нафратланадилар. Уни хонавайрон қилиб, яланғоч қолдирадилар. Унинг этини ейдилар, қолдиқларини эса оловда ёндирадилар.

17Худонинг айтган сўзлари амалга ошмагунча, ўнта шоҳ бирлашиб, ўз ҳокимиятини маҳлуққа топширади. Зеро, бу мақсадни уларнинг дилига Худонинг Ўзи солган.

18Сен кўрган аёл — ер юзи шоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган буюк шаҳардир.”