Ваҳий 20:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Мен осмондан тушаётган бир фариштани кўрдим. Унинг қўлида тубсиз чуқурликнинг калити ва катта занжир бор эди.

2Фаришта аждаҳони тутиб олди. Иблис ва шайтон деб аталган бу қадимги илонни у минг йил муддатга кишанлаб қўйди.

3Яна халқларни алдамасин деб, уни тубсиз чуқурликка ташлаб, қамаб қўйди. Минг йил тамом бўлгунга қадар кираверишни муҳрлади. Минг йил ўтгандан кейин уни қисқа бир муддатга озод қилиши керак эди.

4Бундан сўнг, мен тахтларни ва тахтларда ўтирганларни кўрдим. Худо тахтларда ўтирганларни оқлаган эди. Улар Исо ҳақидаги шаҳодати ва Худонинг сўзи туфайли боши олинганларнинг жонлари эди. Улар маҳлуққа ва унинг тасвирига сажда қилмаганлар, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини бостирмаганлар. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукмронлик қилдилар.

5Қолган ўликлар минг йил ўтгунча тирилмади. Бу биринчи тирилишдир.

6Биринчи тирилишда иштирок этганлар бахтли ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил давомида ҳукмронлик қиладилар.

7Минг йил ўтгач, шайтон ўз зиндонидан озод этилади. У чиқиб, ернинг тўрт бурчагидаги халқларни, яъни Гўг ва Магўгни алдаб, жангга тўплайди. Тўпланган халқларнинг сони денгиз қумидай сон–саноқсиз бўлади.

8Улар бутун ер юзини қоплаб оладилар, Худо азизларининг қароргоҳини ва Худо яхши кўрадиган шаҳарни қамал қиладилар.

9Шунда осмондан олов тушиб, уларни қириб ташлайди.

10Уларни алдаган иблис олтингугуртли кўлга ташланади. Маҳлуқ ва сохта пайғамбарлар ҳам ўша кўлга ташланган эдилар. Улар кечаю кундуз, абадулабад у ерда азоб чекадилар.

11Кейин мен улкан бир оқ тахтни ва тахтда ўтирган Зотни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, бироқ уларга яширингани жой топилмади.

12Мен ўша улкан тахт олдида турган каттаю кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича қилмишларига яраша ҳукм этилди.

13Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, ўликлар диёри ҳам ўзларидаги ўликларни берди. Ҳар бир киши қилмишларига яраша ҳукм этилди.

14Ўлим ва ўликлар диёри олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли иккинчи ўлимдир.

15Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси олов кўлига ташланди.