Воиз 1:1-18 UZV2013 - Bible AI

1Қуйидагилар Довуд ўғли, Қуддусда ҳукмронлик қилган Воизнинг [1] сўзларидир.

2“Беҳуда! [2] Беҳуда! — дейди Воиз. — Ҳаммаси беҳудадир!”

3Одам бу дунёда қилган меҳнатидан Қандай фойда топар?

4Авлод келиб, авлод кетар, Бу дунё эса шундайлигича қолаверар.

5Қуёш чиқиб яна ботар, Чиққан жойига қайтишга шошар.

6Шамол жанубга эсар, Шимол тарафга елар, Такрор–такрор айланиб, Ўз йўлидан юраверар.

7Барча дарёлар денгизга оқар, Денгиз эса ҳеч тўлмас, Шунда ҳам ўз макони сари Оқаверар дарёлар.

8Ҳамма нарса чарчатар, ҳолдан тойдирар, Уларни тасвирлашга сўзлар ҳам етмас. Кўзларимиз кўраверар, аммо тўймас, Қулоқларимиз эшитаверар, аммо қониқмас.

9Олдин нима бўлган бўлса, яна содир бўлгай, Нима қилинган бўлса, яна қайтарилгай, Бу дунёда ҳеч қандай янги нарса йўқ.

10Бирор нарса бормидики, биз бу ҳақда: “Қаранглар, бу янгилик–ку!” — деб айта олсак?! У олдиндан бор эди, биз таваллуд топмасдан олдин ҳам шу ерда эди.

11Қадимда бўлганлар эсга олинмас, ҳатто бундан кейин бўладиганлар ҳам келажакда эсланмас.

12Мен, Воиз — Исроил устидан Қуддусда шоҳман.

13Ўзимни донолик билан изланишга, мана шу дунёда бўлаётган ҳамма ишларни тушунишга бағишладим. Худо инсонга берган бу иш қандай қайғули–а!

14Мен бу дунёда бўлаётган ҳамма нарсани кўрдим, қаранглар, ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.

15Эгри нарсани тўғрилаб бўлмас, Йўқ нарсани санаб бўлмас.

16Ўзимга шундай дедим: “Мана, мен буюк бўлиб, доноликда мендан олдин Қуддусда ҳукмронлик қилганларнинг ҳаммасидан ўзиб кетдим. Кўп донолик орттирдим, илму маърифатни яхшилаб ўргандим.”

17Донолик ва илм–маърифатнинг фойдаси телбалик ва аҳмоқликдан устунлигини англаб етишга ўзимни бағишладим, аммо бу ҳам шамолнинг орқасидан қувишдай эканлигини тушундим.

18Қайғу ҳам ортаркан, донолик қанча кўп бўлса, Дард кўпаяр экан гар билим ошса.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>