Галатияликларга 1:1-24 UZV2013 - Bible AI

1[1-2] Мен — Павлус ва мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар Галатия ўлкасидаги имонлилар жамоатларига салом йўллаймиз. Мен инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ ва Уни тирилтирган Отамиз Худо томонидан ҳаворий қилиб тайинланганман.

3Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ҳамда тинчлик ато қилсин.

4Исо Масиҳ бизни ҳозирги ёвуз замондан қутқарай, деб бизнинг гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди. У шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини адо этди.

5Худога абадулабад шон-шарафлар бўлсин! Омин.

6Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир Хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди.

7Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар.

8Аммо кимда–ким, ҳатто биз ўзимизми ёки осмондан келган бирор фариштами, сизларга биз етказган Хушхабардан бошқа бир “хушхабар” келтирса, у лаънати бўлсин!

9Мен олдин ҳам айтган эдим, ҳозир ҳам айтяпман: кимки сизлар қабул қилган Хушхабарга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!

10Хўш, мен кимнинг мақтовига сазовор бўлмоқчиман: инсонларнингми ёки Худонингми?! Наҳотки инсонларни мамнун қилмоқчи бўлсам?! Агар мен ҳали ҳам инсонларни мамнун қилаётган бўлсам эди, Масиҳнинг қули бўлолмас эдим!

11Эй биродарлар, сизларга айтиб қўяй: мен тарғиб этаётган Хушхабар инсон ижоди эмас.

12Ахир, мен бу Хушхабарни инсондан қабул қилмаганман ёки бирор одамдан ўрганмаганман. Уни менга Исо Масиҳнинг Ўзи ваҳий орқали аён қилган.

13Мен яҳудий динига эътиқод қилиб, қандай ҳаёт кечирганим ҳақида эшитгансизлар. Ўша пайтларда Худонинг жамоатини шафқатсизларча қувғин қилардим, уни қириб ташлашга ҳаракат қилардим.

14Қавмимдан бўлган кўп тенгдошларимга қараганда, яҳудий динини чуқурроқ тушуниб, улардан анча илгарилаб кетган эдим. Ота–боболаримнинг урф–одатлари амал қилинишига жуда жонкуярлик қилар эдим.

15Аммо Худо менга мурувват қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди.

16Мен бошқа халқлар орасида Худо Ўғли ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилишим учун, Худо Ўз Ўғлини менга зоҳир қилди. Шунда мен ҳеч бир инсон билан маслаҳатлашмадим.

17Ҳатто мендан олдин ҳаворий бўлганларни кўришга Қуддусга бормай, дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим.

18Уч йилдан кейин, Бутрус билан танишай, деб Қуддусга бордим. Унинг ёнида ўн беш кун бўлдим.

19Аммо Қуддусда Бутрусдан ва Раббимиз Исонинг укаси Ёқубдан бошқа ҳеч бир ҳаворийни кўрмадим.

20Мен сизларга нима ёзаётган бўлсам, Худо шоҳид, ҳеч бири ёлғон эмас.

21Ундан сўнг Сурия ва Киликия вилоятларига бордим.

22Яҳудия ўлкасидаги имонлилар жамоатлари мени ҳали шахсан танимас эдилар.

23Ўша имонлилар мен ҳақимда фақат бошқаларнинг: “У бир вақтлар бизларни қувғин қилиб юрган киши эди. Энди эса илгари илдизи билан қуритмоқчи бўлган имонни ўзи тарғиб қилмоқда”, деган гапларини эшитардилар

24ва мен туфайли Худони улуғлар эдилар.

/article>