Галатияликларга 3:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Эй бефаҳм Галатияликлар! Ким сизларни сеҳрлаб қўйди? Ахир, Исо Масиҳнинг хочга михлангани кўз ўнгингизда аниқ тасвир этилмаганмиди?!

2Сизлардан фақатгина бир нарсани сўраб билмоқчиман! Хўш, сизлар Руҳни қандай қилиб олдингизлар: қонунга амал қилиш орқалими ёки эшитганларингизга ишониш орқалими?

3Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз?

4Татиб кўрганларингизнинг ҳаммаси беҳуда кетдими? Наҳотки, ростдан ҳам беҳуда кетган бўлса?!

5Худо сизларга Ўз Руҳини ато этиб, орангизда мўъжизалар яратмоқда. Нима деб ўйлайсиз: У буни қонунга амал қилганингиз учун қиляптими ёки эшитганларингизга ишонганингиз учунми?!

6Муқаддас Битикларда Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ, деб билди.”

7Шундан билингларки, ким имонли бўлса, ўша инсон Иброҳимнинг авлоди, деб ҳисобланади.

8Худо даставвал Иброҳимга: “Барча халқлар сен орқали барака топадилар”, деб Хушхабар келтирган. Муқаддас Битиклардаги бу оят шуни кўрсатадики, Худо халқларни имон орқали оқлайди.

9Шунинг учун ким имонли бўлса, Худога ишонган Иброҳим қатори Худонинг баракасидан баҳраманд бўлади.

10Қонунга амал қилиш орқали Худони мамнун қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси лаънат остидадир. Ахир, Муқаддас Битикларда: “Қонун китобидаги амрларнинг ҳаммасини тўлиқ бажармаганлар лаънат остидадир!” деб ёзилган–ку!

11Шундай экан, кўриниб турибдики, қонунга амал қилиш билан ҳеч ким ўзини Худо олдида оқлай олмайди, зотан “солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади.”

12Қонунни бажариш эса имонга асосланмаган, “қонун амрларини бажарганлар ўша амрлар туфайли ҳаётга эга бўлади.”

13Масиҳ эса бизнинг ўрнимизга лаънатланиб, бизни қонун лаънатидан халос қилди. Ахир, Муқаддас Битикларда: “Ёғочга осилган ҳар бир киши лаънатидир”, деб ёзилган–ку!

14Шу йўсин ғайрияҳудийлар ҳам Исо Масиҳ орқали Худонинг Иброҳимга ваъда қилган баракаларидан баҳраманд бўладилар, биз ҳам имон орқали Худо ваъда қилган Руҳни оламиз.

15Биродарлар! Ҳаётдан бир мисол келтирай: одамнинг васияти тасдиқлангандан кейин уни ҳеч ким бекор қилолмайди ва унга ҳеч нарса қўшолмайди.

16Энди эса Худонинг Иброҳимга ва унинг зурриётига берган ваъдаларига қарайлик. Муқаддас Битикларда Иброҳимга: “Сенинг зотларингга”, деб айтилмаган, аксинча, “Сенинг зурриётингга”, деб айтилган. Демак ваъдада кўпчилик эмас, балки фақат бир киши, яъни Масиҳ назарда тутилган.

17Шуни айтмоқчиманки, Худо Иброҳим билан аҳд тузгандан сўнг 430 йил ўтгач қонун берилди. Аммо тасдиқланган аҳдни қонун кучдан қолдирмади, демак, Худонинг ваъдасини бекор қилмади.

18Агар Худонинг инъоми инсонларнинг қонунга амал қилишига кўра бериладиган бўлса, демак, ваъдага кўра берилмайди. Иброҳимга эса Худо Ўз инъомини ваъда бўйича берди.

19Ундай ҳолда қонун нима учун берилган? Қонун гуноҳкорлигимизни кўрсатиш учун берилганди. Иброҳимнинг ваъда олган зурриёти келмагунча, бу қонун жорий бўлиши керак эди. Қонун фаришталар томонидан, бир воситачи орқали халққа берилди.

20Ваҳоланки, одам бир ўзи иш қилганда, воситачи керак бўлмайди. Танҳо бўлган Худо эса ваъда берганда ҳеч бир воситачисиз беради.

21Хўш, қонун Худонинг ваъдаларига зидми? Асло! Агар абадий ҳаёт ато қилишга қодир бир қонун берилган бўлса эди, унда шубҳасиз қонунга амал қилиш билан оқланса бўлар эди.

22Аммо Муқаддас Битикларга кўра бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир. Шунинг учун ваъда фақат Исо Масиҳга ишониш орқали рўёбга чиқади ва имонлиларга насиб бўлади.

23Имон йўли аён бўлишидан аввал, биз қонун назорати остидаги тутқунлар эдик. Ўша имон аён бўлишини кутаётган эдик.

24Бошқача айтганда, қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз эди. Энди эса биз Масиҳга бўлган имон орқали оқланамиз.

25Мана имон йўли аён бўлган экан, биз энди мураббийнинг тарбиясида эмасмиз.

26Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар.

27Сизлар сувда чўмдирилиб, Масиҳ билан бирлашдингиз. Ҳар бирингиз Масиҳга бурканиб олдингиз.

28Энди на яҳудий, на юнон бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун, ҳаммангиз бирсизлар.

29Сизлар Масиҳники экансизлар, демак Иброҳимнинг ҳам зурриётисизлар, берилган ваъданинг баракаларидан баҳраманд бўласизлар.

/article>