Дониёр 7:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Бобил шоҳи Белшазар ҳукмронлигининг биринчи йилида [1] Дониёр бир туш кўрди. У кўрган туши ҳақида шундай ёзди:

2“Мен тушимда бир ваҳий кўрдим. Осмоннинг тўрт томонидан эсаётган қаттиқ шамол улкан бир денгизни тўлқинлантираётган эди.

3Ўша денгиздан бир–бирига ўхшамайдиган тўртта баҳайбат махлуқ [2] чиқди.

4Биринчиси шерга ўхшаган эди, унинг бургут қанотларига ўхшаган қанотлари бор эди. Мен махлуқни томоша қилиб турган эдим, бирданига қандайдир бир куч унинг қанотларини узиб ташлади, ўзини эса кўтариб одамзодга ўхшатиб икки оёғида турғизиб қўйди. Ўша махлуққа инсон онги берилган эди [3].

5Иккинчи махлуқ айиққа ўхшар эди. У оғзига учта қовурға суякларини тишлаб олган эди. У ҳамлага шайлана бошлаганда, унга шундай буйруқ берилди: — Қани, ол, тўйгунингча гўшт е!

6Сўнг қоплонга ўхшагани пайдо бўлди. Бу махлуқнинг тўртта боши ва орқасида қуш қанотига ўхшаган тўртта қаноти бор эди. Унга ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи берилган эди.

7Бундан кейин тундаги ваҳийда мен қўрқинчли, даҳшатли ва бениҳоя кучли бўлган тўртинчи махлуқни кўрдим. У ўз қурбонларини темир тишлари билан ғажиб, парчалаб ташларди. Қолдиқларини эса оёқлари билан босиб эзарди. Унинг ўнта шохи бўлгани учун, у олдинги махлуқлардан ажралиб турар эди.

8Мен махлуқнинг шохларини томоша қилиб турганимда, уларнинг орасидан ўсиб чиқаётган яна бир шохчани [4] кўрдим. Унга жой бериш учун олдинги ўнта шохдан учтаси таг–туги билан узилиб тушди. Бу янги ўсиб чиққан шохнинг инсон кўзларига ўхшаган кўзлари ва такаббурона гапирадиган оғзи бор эди.

9Мен тахтларнинг жой–жойига ўрнатилганини томоша қилиб турдим, Азалий Нуроний [5] ўз жойига ўтирди. Унинг кийими қордай оқ, сочлари эса оппоқ момиқдай эди. Унинг тахти оташин аланга, тахтининг ғилдираклари ловуллаган олов эди.

10Унинг ҳузуридан оловли дарё оқиб чиқди. Минглар Унга хизмат қилар эди, миллион–миллионлар амрига мунтазир эди. Суд мажлиси бошланди, ҳамма китоблар [6] очилди.

11Кичкина шохнинг кибрланиб шанғиллаши менинг эътиборимни тортган эди. Мен уни томоша қилаётганимда ўша тўртинчи махлуқ ўлдирилди, унинг жасади оловга ташланиб, куйдириб юборилди.

12Қолган махлуқларга келсак, уларнинг ҳукмронлиги йўқ қилинди, аммо ҳаётлари маълум бир вақтгача [7] сақлаб қолинди.

13Тунда келган ўша ваҳийда мен осмон булутларида келаётган инсон қиёфасидаги биттасини [8] кўрдим. У Азалий Нуроний олдига келди.

14Унга ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилди. Барча халқлар, элатлар ва уруғлар унга бўйсунишди. Унинг ҳукмронлиги битмас–туганмас, абадий ҳукмронликдир. Унинг шоҳлиги ҳеч қачон бузилмасдир.

15Мен кўрган бу ваҳий юрагимга ғулғула солиб, алланечук ваҳимага туширган эди.

16Мен тахт ёнида турганларнинг биттасига яқинлашиб, буларнинг ҳаммасини тушунтириб беришини сўрадим. У менга ваҳийнинг маъносини очиб, деди:

17— Сен кўрган тўртта махлуқ — бу ер юзида ҳукмронлик қиладиган тўртта шоҳликдир.

18Аммо Худойи Таолонинг азиз одамлари шоҳликни қабул қилиб, унга то абад эга бўладилар.

19Мен тўртинчи махлуқ [9] ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳлар эдим, чунки у бошқа махлуқлардан ажралиб турар эди. Темир тишлари ва бронза чангаллари бўлган бу бадбашара махлуқ қурбонларини ғажиб тилка–пора қилар, қолдиқларини босиб эзарди.

20Унинг бошидаги ўнта шохи, айниқса янги ўсиб чиққан шох мени жуда қизиқтириб қолган эди. Ўша шох ўсиб чиқаётганда ўрнидаги учта шохни тушириб юборган эди. Кўзлари ва кибрланиб гапирадиган оғзи бўлган бу шох бошқа шохларга қараганда кўпроқ аҳамиятга эгадай бўлиб кўринар эди.

21Бундан ташқари, ваҳийда мен ўша шохнинг Худонинг азиз одамлари билан жанг қилаётганини ва уларни енгаётганини кўрган эдим.

22Шу орада Азалий Нуроний келиб, Ўзининг азиз одамлари фойдасига ҳукм чиқарди. Худонинг азиз одамлари учун шоҳликни ўз тасарруфига олиш вақти етиб келган эди.

23Суҳбатдошим менга шундай деди: — Тўртинчи махлуқ — бу ер юзида ҳукмронлик қиладиган тўртинчи шоҳликнинг тимсолидир. Бу шоҳлик бошқа шоҳликлардан ажралиб туради. У бутун дунёни ғажиб, эзиб парча–парча қилади.

24Махлуқнинг ўнта шохи — шоҳликни бошқарадиган ўнта шоҳдир. Кейинчалик тахтга янги бир шоҳ ўтиради. Бу шоҳ олдинги ўнта шоҳдан ажралиб туради ва учта шоҳни тахтдан туширади.

25У куфр кетиб, Худойи Таолонинг азиз одамларини аёвсиз эзади. Муқаддас байрамлар ва қонунларни ўзгартиришга уринади. Худонинг азиз одамлари уч ярим йил [10] давомида, ўша шоҳнинг зулми остида бўладилар.

26Бу муддат тугагач, самода суд мажлиси бошланади. Золим шоҳ тахтдан туширилиб, бутунлай йўқ қилинади.

27Худойи Таолонинг азиз одамларига эса шоҳлик, ҳукмронлик ва ер юзидаги барча салтанатларнинг улуғворлиги берилади. Ҳамма ҳукмдорлар уларга бўйсуниб, хизмат қиладилар, уларнинг шоҳлиги абадий шоҳлик бўлади.

28Кўрган, эшитганларим мана шудир. Бу тушимдан шу қадар ваҳимага тушган эдимки, рангимда ранг қолмаган эди. Аммо булар тўғрисида оғиз очмай, ҳаммасини ичимга ютдим.”