Дониёр 8:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Дониёр шундай деб ёзди:
“Шоҳ Белшазар ҳукмронлигининг учинчи йилида [1] менга яна бир ваҳий келди [2].

2Бу ваҳийда мен Элам вилоятидаги Шушан қалъасида [3], Улой дарёсининг бўйида турган эканман.

3Мен дарё бўйида бир қўчқор турганини кўрдим. Унинг иккита узун–узун шохлари бор экан [4]. Иккинчи бўлиб чиққан шох биринчисига қараганда узунроқ экан [5].

4Қўчқор ўзини ғарб, шимол ва жанубга уриб, йўлида дуч келган ҳамма нарсани сузар эди. Ҳеч қандай ҳайвон унга бас кела олмас, унинг қурбонларини қутқара олмас эди. Қўчқор хоҳлаган ишини қилар, кучи тобора ошиб борар эди.

5Буни томоша қилиб турганимда, ғарб томондан бир така кўринди. Елдай учиб келаётган бу таканинг туёқлари гўё ерга тегмаётгандай туюлар эди. Унинг кўзлари орасида улкан бир шох бор эди [6].

6У қутурганича қўчқор томон югурди–да,

7қаҳр–ғазаб билан унга ташланиб, сузди. Таканинг зарбаси зўрлигидан, қўчқорнинг иккала шохи синиб тушди. Қўчқор такага бас кела олмади. Така уни ерга йиқитиб топтади, ҳеч ким қўчқорни ундан қутқара олмас эди.

8Така ниҳоятда кучайиб кетди, аммо куч–қудрат чўққисида унинг улкан шохи синиб тушди. Синиб тушган шохнинг ўрнига дунёнинг тўрт томонига қайрилган тўртта катта шох ўсиб чиқди [7].

9Уларнинг биридан яна битта шохча чиқди. Унинг куч–қудрати ошиб, жануб, шарқ ва гўзал Исроил ўлкаси [8] томон ёйилди.

10Қудрати осмону фалакка етган бу шох самовий лашкарларга ҳужум қилди. Самовий лашкарлар бўлмиш юлдузларнинг айримларини ерга тушириб топтади.

11Ҳатто самовий лашкарнинг саркардасини менсимай, унга келтириладиган кундалик қурбонликларни тўхтатди. Маъбадни эса вайрон қилиб,

12самовий лашкарларни мағлуб қилди. Кундалик қурбонликлар ўрнига ҳаддан ташқари жирканч бир нарсани ўрнатди. Ҳақиқатни оёқ ости қилган бу шох ҳар бир ишида муваффақият қозонар эди [9].

13Кейин мен фаришталар ўзаро гаплашаётганини эшитиб қолдим. Уларнинг бири бошқасидан шундай деб сўраганини эшитдим: — Ваҳийдаги бу нарсалар қачонгача давом этар экан–а? Қачонгача бу жирканч нарса кундалик қурбонликлар ўрнини эгаллайди? Қачонгача Маъбад ва самовий лашкарлар оёқ ости бўлади?

14Шериги унга шундай жавоб берди: — Бундай аҳвол 2300 кечаю кундуз [10] давом этади. Ўша вақт мобайнида қурбонликлар келтирилмайди. Шундан сўнг Маъбад покланиб, асл ҳолига қайтарилади.

15Мен кўрган ваҳийнинг мағзини чақмоқчи бўлиб, бошимни қотириб турганимда, бирданига олдимда одам қиёфасидаги аллаким пайдо бўлди.

16Шу пайтда мен Улой дарёси томонидан:

16— Эй, Жаброил, бу одамга ваҳийнинг маъносини тушунтириб бер, — деб хитоб қилаётган инсон овозини эшитдим.

17Жаброил менга яқинлашганда, мен қўрққанимдан юз тубан ерга йиқилиб тушдим. Аммо у менга:

17— Тушунгин, эй, банда [11], бу охирзамон ваҳийси, — деди.

18У гапираётганда мен ҳушимдан кетиб, юз тубан ерда чўзилиб ётган эдим. Аммо у қўлини теккизиб, мени турғизиб қўйди–да,

19шундай деди:

19— Эшит, мен сенга охирзамон пайтида содир бўладиган нарсаларни аён қиламан, ўша даврда Худо ўз ғазабини ер юзига сочишни белгилагандир.

20Сен кўрган икки шохли қўчқор — бу Мидия ва Форс шоҳликларидир.

21Така эса Юнонистон шоҳлигидир. Кўзларининг орасидаги улкан шох — бу Юнонистон тахтида ўтирадиган биринчи шоҳдир.

22Синиб тушган шохнинг ўрнига чиққан тўртта шох — Юнонистон тўрт қисмга бўлинишини билдиради. Тахтга ўтирган тўртта шоҳ олдинги шоҳга қараганда заифроқ бўлади.

23Уларнинг ҳукмронлик пайтлари охирлаб, гуноҳлари тўлиб–тошганда, макр–ҳийлага уста, важоҳати хунук бир шоҳ тахтга ўтиради.

24У ниҳоятда кучайиб кетади, бироқ ўзининг кучи билан эмас. У ҳамма ёқни вайрон қилиб, барча ишларида муваффақият қозонади. Забардаст йўлбошчилару Худонинг азиз одамларини қириб ташлайди.

25Усталик билан ишлатган маккорлиги туфайли кўп ютуқларга эришади. Кўзини ёғ босган бу шоҳ огоҳлантирмасдан кўп одамларни ҳалок қилади. У ҳатто энг буюк Шоҳга қарши бош кўтаради. Оқибатда эса йўқ қилиб ташланади, аммо бу инсоннинг кучи билан қилинмайди.

26Дониёр, мен ҳозир сенга тушунтириб берган эрталабки ва кечқурунги қурбонликларга оид бўлган бу ваҳий албатта амалга ошади. Сен ваҳийни сир тутгин, чунки бу узоқ келажакка оид нарсадир.

27Бу воқеадан сўнг тобим қочиб, бир неча кун бетоб бўлиб ётдим. Кейин туриб шоҳнинг хизматига қайтдим. Аммо ваҳий мени тамомила эсанкиратиб қўйган эди. Мен унинг маъносини тушунмаган эдим.