Еремиё 1:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Ушбу китобда Хилқиё ўғли Еремиёнинг сўзлари баён этилган. Еремиё Бенямин ҳудудидаги Онотўт шаҳрида яшаган руҳонийлардан бири эди.

2Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилида, Эгамизнинг сўзи илк бор Еремиёга аён бўлган эди.

3Шундан сўнг, Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим давридан тортиб, то Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача, Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини бир неча марта аён қилган эди. Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили, бешинчи ойида Қуддус аҳолиси Бобилга сургун қилинди.

4Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

5“Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим, Туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим. Халқларга сени пайғамбар этиб тайинлаган эдим.”

6Мен Унга шундай жавоб қайтардим: — Ё, Эгам Раббий! Мен тузук гапира олмайман. Ҳали жуда ёшман.

7Эгамиз эса менга шундай деди: — Ўзингни, ёшман, деб айтма! Мен сени кимнинг олдига юборсам, ўшаларнинг олдига борасан. Сенга амр қилган ҳамма гапларимни уларга айтасан.

8Сен улардан қўрқма. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан. Эгангнинг каломи шудир.

9Сўнг Эгамиз қўлини узатиб, лабимга теккизди–ю деди: — Мана, сўзларимни оғзингга солиб қўйдим.

10Халқлар ва шоҳликларни қўпориб, йўқ қилишинг учун, вайрон қилиб, ағдаришинг учун, бунёд этиб, мустаҳкамлашинг учун бугун сенга изн бердим.

11Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб, шундай деди: — Эй Еремиё, нимани кўряпсан? — Бодом шохини, — деб жавоб бердим мен.

12— Тўғри кўрдинг, — деди Эгамиз. — Бодом шохи Менинг ҳушёр туришимни билдиради. Айтган сўзларимни Мен тез орада бажо келтираман.

13Эгамиз менга Ўз сўзини яна аён қилиб, деди: — Нимани кўряпсан? — Шимолда қайнаб турган бир қозонни. Қозон биз томонга ағдарилай–ағдарилай деб турибди, — дедим.

14Эгамиз менга шундай деди: — Бу юртнинг бутун аҳолиси устига шимолдан фалокат ёғилади.

15Эгамиз шундай демоқда: “Мен шимолдаги шоҳликларининг барча халқларини чақириб оляпман. Уларнинг шоҳлари келиб, ўз тахтларини Қуддус дарвозаларининг ёнига ўрнатадилар. Қуддус деворларини қуршаб оладилар, Яҳудо шаҳарларининг ҳаммасига ҳужум қиладилар.

16Шу йўсин Мен халқимга қарши ҳукмимни эълон қиламан, чунки Ўз халқим Мени тарк этиб, қабиҳлик қилди. Улар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўлларининг ижодига сажда қилдилар.

17Сен эса бўлақол, белингни боғла. Буюрганларимнинг ҳаммасини уларга бориб айт. Улардан қўрқма. Акс ҳолда уларнинг олдида сени даҳшатга соламан.

18Бугун Мен сени бир қалъадай, темир устундай ва бронза девордай мустаҳкам қилдим. Сен бутун юртга — Яҳудо шоҳларига, шаҳзодаларига, руҳонийларига, юрт аҳолисига қарши чиқасан.

19Улар сенга ҳужум қилишади, лекин сени енга олишмайди. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.