Еремиё 10:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Эй Исроил халқи, Эгамиз сизларга айтаётган сўзларга қулоқ солинг.

2Эгамиз шундай демоқда:
Бошқа халқлар сингари Осмондаги аломатлардан қўрқманглар.

2“Бошқа халқларга тақлид қилманглар,

3Халқларнинг удумлари беҳуда! Улар ўрмондан дарахт кесади, Ҳунарманд болтаси билан унга шакл бериб,

4Кумушу олтин билан безатади. Йиқилиб кетмасин, дея мих билан маҳкамлайди,

5Бутлари полиздаги қўриқчиларга ўхшайди. Улар гапира олмайди. Уларни кўтариб юриш керак бўлади, Ўзлари юра олмайди. Улардан қўрқманглар, Уларнинг қўлидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди, Яхшилик ҳам қила олмайди.”

6Эй Эгамиз, Сенга ўхшаши йўқ! Сен буюкдирсан, Сенинг номинг улуғ ва қудратлидир.

7Эй элларнинг Шоҳи, Сендан қўрқмайдиган бирор зот борми?! Сен бунга лойиқдирсан. Халқларнинг донишмандлари орасида, Уларнинг шоҳлари орасида Сенга ўхшаши йўқ.

8Аҳли донишу шоҳлар аҳмоқ ва бефаросат. Улар бетайин ёғоч бутларидан маслаҳат олишади.

9Бутларини ясаш учун кумушни Таршишдан, Олтинни Уфаздан келтиришади. Бутларни ҳунарманду заргарлар ясаган. Кўк ва сафсар либослар билан безаган, Ҳаммаси — моҳир усталарнинг ишидир.

10Аммо Эгамиз ҳақ Худодир. У барҳаёт Худо ва абадий Шоҳдир. Ғазабланганда ер силкинади, Унинг қаҳрига халқлар дош бермайди.

11— Бошқа халқларга шундай деб айт: “Бу худолар еру осмонни яратмаган. Улар ер юзидан ва осмон остидан йўқ бўлиб кетади.”

12Эгамиз қудрати ила ерни яратди, Донолиги ила дунёни бунёд этди, Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

13Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди, У дунёнинг тўрт бурчидан булутлар олиб келади. Ёмғир ёғдиришдан олдин момақалдироқни гулдиратади, Омборларидаги шамоллардан эсдиради.

14Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир. Заргарлар ўз бутлари туфайли шарманда бўлади, Уларнинг санамлари жонсиз ва сохтадир.

15Бу бетайин бутлар алдамчидир. Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.

16Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас. Бутун борлиқни У яратган, Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган. Унинг номи Сарвари Оламдир.

17Эй қуршовда яшаганлар! Бор–йўғингизни йиғиштириб олинг.

18Зеро, Эгамиз шундай демоқда: “Мен сизларни Исроил юртидан улоқтириб ташлайман, Бошингизга кулфат ёғдираман, Токи сизлар буни сезинглар.”

19Шўрим қурисин! Шунчалик азобларга қолдим! Оғир яраланган эканман. Аммо ўзимга ўзим “Бошимда шу дард бор экан, Унга чидашим керак”, дедим.

20Чодирим йиқитилган, иплари узиб ташланган. Фарзандларим кетди, улар йўқ бўлди. Энди чодиримни ким тикади?! Чодиримнинг пардаларини ким осади?!

21Ахир, чўпонлар аҳмоқ, Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар. Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади, Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди.

22Эшитинглар! Бир хабар келмоқда! Ана, шимолдан шовқин–сурон кўтарилмоқда! Лашкарлар Яҳудо шаҳарларини хароб қилар эмиш, Чиябўрилар яшайдиган маконга айлантирар эмиш.

23Эй Эгам, биламан, Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди, Ўз қадамини ўзи бошқара олмайди.

24Эй Эгам, мени жаҳл устида жазоламагин. Адолатинг ила ҳақ йўлга солгин, Акс ҳолда мени йўқ қилиб юборасан.

25Сени тан олмайдиган халқлар устига қаҳрингни соч, Сенга сажда қилмайдиган эллар устига соч, Ахир, улар Ёқуб наслининг бошини едилар. Ҳаммасини ҳалок этиб, йўқ қилдилар, Юртини харобазорга айлантирдилар.

>