6Орадан анча кун ўтгандан сўнг, Эгамиз менга шундай деди: “Қани, Поро анҳорининг бўйига бор, Менинг амримга биноан у ерда яшириб қўйган қийиқчани олиб кел.”
7Шунда мен бориб, қийиқчани ўзим яшириб қўйган жойдан ковлаб олдим. Аммо қийиқча чириб кетган, ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қолган эди.
8Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди.
9Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо халқининг мағрурлигини ва Қуддус аҳолисининг такаббурлигини қийиқча каби чиритаман.
10Бу фосиқ халқ сўзларимни эшитишдан бош тортди, ўжар юрагининг хоҳишини бажарди. Бегона худоларга эргашди, уларга хизмат қилиб, сажда этди. Улар ўша чириб кетган қийиқча каби, ҳеч нарсага ярамайдиган бўладилар.
11Қийиқча одамнинг белига ёпишиб тургани каби, Мен жамики Исроил ва Яҳудо халқларини Ўзимга яқин тутар эдим: Улар Менинг халқим бўлишади, Менга шон–шуҳрат, олқишлар ва шараф келтиришади, деб шундай қилган эдим. Аммо улар қулоқ солмадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.
12Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Еремиё, халққа айт: Шароб мешлари шароб билан тўлдирилиши керак. Борди–ю, улар сенга: “Шароб мешлари шароб билан тўлдирилиши кераклигини ўзимиз ҳам биламиз”, деб айтишса,
13сен уларга шундай деб жавоб бер: “Эгамиз демоқда: Мен бу юртдаги ҳамма одамларни маст қиламан. Довуд тахтида ўтирган шоҳдан тортиб, руҳонийлар, пайғамбарлар ва Қуддуснинг бутун аҳолисигача — ҳаммани маст қиламан.
14Мен уларни бир–бирларига, ота–оналарни болаларига қарши қилиб қўяман. Уларни аямай йўқ қилиб ташлайман, уларга ачинмайман, раҳм–шафқат қилмайман.” Эгамизнинг каломи шудир.
15Эшитинглар, қулоқ солинглар, Катта кетманглар, Зотан, Эгамиз гапирмоқда.
16Худо устингизга зулмат юбормасдан олдин, Қоронғи қирларда қоқилмасингиздан олдин, Эгангиз Худони улуғланг. Акс ҳолда сиз кутаётган ёруғликни У зулматга айлантиради, Уни тим қоронғи қилади.
17Агар сиз гапларимга қулоқ солмасангиз, Мағрурлигингиз учун қалбим пинҳон йиғлайди. Мен аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкаман, Ахир, Эгамизнинг қўйлари Aсирликка олиб кетилади.
18Эгамиз менга деди: “Шоҳга ва она маликага шундай дегин: Тахтдан тушинглар, Ахир, чиройли тожингиз Бошингиздан тушиб кетди.
19Нагав чўлидаги шаҳарлар беркитилган, Дарвозаларни очадиган кимса йўқ. Яҳудо халқи асирликка олиб кетилди, Ҳа, бутун халқ сургун қилинди.”