1Эй Яҳудо халқи, сизларнинг гуноҳингиз темир қалам билан ўйиб ёзилган. Сизларнинг гуноҳингиз тош юракларингиз устига ва қурбонгоҳларингиз шохларига олмос учи билан ўйиб битилган.
2Ҳатто фарзандларингиз ҳам баланд қирлардаги ва серсоя дарахтлар остидаги қурбонгоҳларга бориб, Ашеранинг устунларига сажда қилишади.
3Бутун юртда қилган гуноҳларингиз эвазига Мен Ўз тоғимни, сизнинг ҳамма бойликларингизни, хазиналарингизни ва барча саждагоҳларингизни душманга ўлжа қилиб бераман.
4Сизларга Мен мулк қилиб берган юртдан ўз айбингиз туфайли айриласизлар. Мен сизларни ўзингиз билмаган бир юртга жўнатаман, душманларингизга ҳаммангизни қул қилиб бераман. Сизлар Мени ғазаблантирдингиз, ғазабим сўнмас олов каби ёнмоқда.
5Эгамиз шундай демоқда: “Умидини инсонга боғлаган, Фоний банданинг кучига ишонган, Юраги Эгамиздан узоқлашган одам лаънатидир.
6Бундай одам саҳродаги бутадай бўлади, Фаровон ҳаёт кўрмайди. Чўлнинг қақроқ жойларида, Шўр босган бўм–бўш ерларда яшайди.”
7“Эгамиздан умид қилган киши бахтлидир, Ёлғиз Унга инонган саодатлидир!
8Бундай киши сув бўйига ўтқазилган дарахтга ўхшайди, Оқар сувлар томон илдиз отади. Куннинг жазирамасидан қўрқмайди, Барглари доим ям–яшил бўлади. Қурғоқчилик келганда ҳам безовта бўлмайди, Мева беришдан тўхтамайди.”
9“Одамнинг юраги шунчалик айёр–ки, Унинг давоси йўқ! Унинг ичидагини ким билади?!
10Аммо Мен, Эгангиз, одамнинг юрагини биламан, Унинг ўй–фикрларини текшираман. Қилмишига яраша жазолайман, Қилган ишига яраша тақдирлайман.”
11Ноҳақлик билан бойлик орттирган киши, Ўзи қўймаган тухумларни босиб ётган какликка ўхшайди. Бундай киши умрининг ярмида Бойликларидан маҳрум бўлади, Ҳаёти охирлаб қолганда аҳмоқ бўлиб чиқади.
18Мени қувғин қилганлар шарманда бўлсин, Мени эса шарманда қилма. Душманларим саросимага тушсин, Мени эса довдиратиб қўйма. Уларнинг бошларига кулфат келтир, Жазосини икки баробар оғирроқ қилгин.
19Эгамиз менга шундай деди: — Яҳудо шоҳлари кириб чиқадиган Халқ Дарвозаси олдига бориб тур, сўнг Қуддуснинг бошқа дарвозалари олдига ҳам бор.
20Борганингда халққа шундай деб айт: “Эй Яҳудо шоҳлари, эй Яҳудо халқи, бу дарвозадан ўтиб юрган бутун Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзини эшитинглар!
21Эгамиз шундай деб айтмоқда: Шаббат куни юк ташиманглар, Қуддус дарвозаларидан юкни кўтариб кирманглар. Ҳушёр бўлинглар, тағин ҳаётингизга ўзингиз зомин бўлиб қолманглар.
22Шаббат куни уйингиздан бирон юкни кўтариб чиқманглар, ҳеч қандай иш қилманглар. Мен ота–боболарингизга амр қилганимдек, Шаббат кунини муқаддас деб билинглар.
23Ота–боболарингиз гапларимга эътибор бермаган, Менга қулоқ солмаган эдилар. Улар қайсарлик қилиб, сўзларимни тингламагандилар, гапимга кирмагандилар.”
24Энди Эгамиз шундай демоқда: “Борди–ю, сизлар гапларимга қулоқ солсангизлар, Шаббат куни шаҳар дарвозаларидан юк ташимасангизлар, ўша муборак кунни муқаддас деб билиб, ҳеч қандай иш қилмасангизлар,
25Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отларни миниб олган шоҳлар ва аъёнлар шаҳар дарвозаларидан киришади. Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси улар билан бирга кирадилар. Қуддусдан то абад одам аримайди.
26Шунда Яҳудо шаҳарларидан, Қуддус атрофидаги қишлоқлардан, Бенямин ҳудудидан, қирлардан, ғарбдаги қирлар этакларидан, Нагав чўлидан одамлар келади, улар Эгамизнинг уйига куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни, шукрона ва дон назрларини, хушбўй тутатқиларни олиб келадилар.
27Борди–ю, сизлар гапимга қулоқ солмасангизлар, Шаббат кунини муқаддас деб билмай, юк ташиб, дарвозалардан кириб чиқсангизлар, Мен шаҳар дарвозаларини ёндириб юбораман. Олов Қуддус саройларини йўқ қилади, ҳеч ким уни ўчира олмайди.