2Эй, Довуд тахтида ўтирган Яҳудо шоҳи, эшит. Аъёнларинг ва мана бу саройга кирган одамларинг ҳам сен билан бирга Эгамизнинг сўзини эшитсин.
3Эгамиз шундай демоқда: Адолат ва тўғрилик билан иш тутинг. Жабрдийдаларни зўравонларнинг қўлидан қутқаринг. Мусофирларга, етим ва беваларга ноҳақлик қилманг, уларни эзманг. Бу ерда бегуноҳ одамнинг қонини тўкманг.
4Борди–ю, сизлар ҳақиқатан ҳам буларга риоя қилсангизлар, Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отлар минган шоҳлар сарой дарвозаларидан киришади. Аъёнлар ва халқ ҳам улар билан бирга киради.
5Борди–ю, бу амрларимга риоя қилмасангизлар, Мен Ўзимнинг номим ҳақи онт ичиб айтаманки, бу сарой вайрон бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.
6Эгамиз Яҳудо шоҳининг саройи ҳақида шундай демоқда: “Сен Мен учун гўзал Гилад юртига ўхшайсан, Бамисоли Лубноннинг юксак чўққиларисан. Лекин қасам ичиб айтаманки, сен саҳрога ўхшаб қоласан, Ҳувиллаган бир шаҳарга айланиб қоласан.
7Сенга қарши босқинчиларни жўнатаман, Қуролланган одамларни юбораман. Улар сара садрларингни кесадилар, Ёғочларингни оловга ташлайдилар.
8Кўплаб халқлар бу шаҳар олдидан ўтаётиб, бир–бирларидан: “Нега Эгамиз бундай буюк шаҳарни шу кўйга солган экан–а?” деб сўрайдилар.
9Уларга шундай жавоб беришади: “Шаҳар аҳолиси ўзларининг Эгаси Худо билан тузган аҳдини бузди. Бошқа худоларга сажда қилиб, хизмат қиладиган бўлди.”
10Ўлган шоҳингиз учун йиғламанг, У учун аза тутманг. Ундан кўра сургун бўлган шаҳзодангиз учун қайғуринг, У учун аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкинг. Ахир, у энди қайтиб келмайди, Она юртини бошқа кўрмайди.
11Шоҳ Йўшиёдан кейин Яҳудо тахтига Йўшиёнинг ўғли Ёҳухоз ўтирган эди. Шоҳ Ёҳухоз сургун қилингандан кейин Эгамиз у ҳақда шундай деди: “У бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмайди.
12Сургун қилинган ерда оламдан ўтади, бу юртни бошқа кўрмайди.”
13“Уйини ноҳақлик билан қурганнинг ҳолига вой! Юқори хоналарини адолатсизлик билан бино қилганнинг ҳолига вой! Бундай одам биродарини текинга ишлатади, Унинг меҳнат ҳақини бермайди.
14У шундай дейди: “Мана, ўзим учун катта сарой қурдим, Юқори қаватдаги хоналарни кенг қилдирдим.” У уйига катта ойналар қўйдирмоқда, Деворларини садр ёғочи билан қопламоқда, Уларни қирмизи рангга бўямоқда.
15Сен ўзинг учун кўп садр ёғочини йиғдинг, Бу билан сен яхши шоҳ бўлиб қолмадинг! Сенинг отанг ҳам хоҳлаганича еб–ичган, Аммо доим ҳақиқату адолатни ўрнатган. Шу сабабдан унинг иши юришган.
16У фақиру бечорани ҳимоя қилган, Шунинг учун фаровон ҳаёт кечирган. Худони билиш дегани шу эмасми?!” Эгамизнинг каломи шудир.
17“Сен эса фақат ноҳақ фойдани кўзлайсан. Бегуноҳ одамнинг қонини тўкасан, Зўравонлик ва зулм ўтказасан.”
18Шу сабабдан Йўшиё ўғли Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Унинг учун ҳеч ким аза тутмайди, “Вой, жигарим! Вой, жигарим!” дея йиғламайди. “Хўжайиним! Олампаноҳим!” дея ҳеч ким кайғурмайди.
26Сени ва сени туққан онангни бегона бир юртга, киндик қонинг тўкилмаган бир ерга улоқтириб юбораман. Сизлар ўша ерда ўласизлар.
27Сизлар бу юртга қайтиб келишни орзу қиласизлар, аммо қайтиб келмайсизлар.”
28Ёҳайихин ташлаб юбориладиган синиқ хумдай бўлиб қолади, Ҳеч кимга керак бўлмайдиган сопол идишга ўхшаб қолади. У болалари билан сургун бўлади! Ўзи билмаган юртга улоқтириб ташланади!
29Эй юрт, юрт, юрт! Эгамизнинг сўзини эшит!
30Эгамиз шундай демоқда: “Бу одамнинг фарзандларини насабномага киритманг, Уни ҳаётда омади йўқ, деб қайд қилинг. Унинг зурриётидан бирортаси муваффақият қозонмас, Бирортаси Довуд тахтига чиқа олмас. Яҳудода улар ҳеч қачон ҳукмронлик қилмайдилар.”