Еремиё 33:1-26 UZV2013 - Bible AI

1Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, Эгамиз унга иккинчи марта Ўз сўзини аён қилди.

2Оламни яратган, ерга шакл бериб ўрнатган, номи Эгамиз бўлган Худо шундай демоқда:

3“Менга илтижо қил, сенга жавоб бераман. Сен ҳали билмайдиган буюк сирларни сенга айтаман.”

4Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар душманнинг қамал иншоотларидан ва унинг қиличидан сақланмоқчи бўлиб, шаҳрингиз деворларини мустаҳкам қилдингиз. Бунинг учун уйларингизни, ҳатто Яҳудо шоҳларининг саройларини буздингизлар.

5Сизлар Бобилликлар билан жанг қиласизлар. Улар эса вайрона уйларингизни жасадларга тўлдирадилар. Мен қаҳр–ғазабга тўлиб, халқимни қираман! Халқимнинг қабиҳликлари туфайли бу шаҳардан юз ўгирдим.

6Шунга қарамай, бу шаҳарга яна шифо бераман, уни соғайтираман. Аҳолисини соғ–саломат қилиб, чексиз тинчлик ва осойишталикдан баҳраманд этаман.

7Мен Яҳудо ва Исроил халқларини яна фаровонликка эриштираман, аввалгидай қайта бунёд этаман.

8Менга қарши қилган барча гуноҳларидан уларни поклайман. Бош кўтариб, қилган гуноҳларини кечираман.

9Ер юзидаги ҳамма халқлар олдида Қуддус Менга шуҳрат, қувонч ва шон–шараф келтиради. Қуддусга қилган яхшилигимни, унинг равнақини кўрган барча элларни қўрқув ва титроқ босади.”

10Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар, бу ҳувиллаган шаҳарда на одам, на ҳайвон бор, деб айтасизлар. Айтганингиз ҳам бежиз эмас. Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчалари ҳувиллаб қолган, у ерда на одам, на ҳайвон бор. Бироқ у ерда сиз яна бир бор

11қувончу шодлик садоларини, келин–куёв овозларини эшитасиз. Одамлар Эгасининг уйига яна шукрона назрларини келтирадилар, шундай деб яна куйлайдилар:
Унинг содиқ севгиси абадийдир!
Мен бу юртни илгариги фаровонлигига эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

11Шукрона айтинг Сарвари Оламга, У яхшидир!

12Сарвари Олам шундай демоқда: “Одам ва ҳайвонсиз ҳувиллаб қолган бу жойда, юртнинг ҳамма шаҳарларида яна яйловлар бўлади, чўпонлар у ерда қўйларини ўтлатишади.

13Қирлардаги шаҳарларда, ғарбий қирлар этакларидаги, Нагав чўлидаги ва Бенямин ҳудудидаги шаҳарларда, Қуддус атрофида, Яҳудо шаҳарларида чўпонлар яна қўйларини санайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

14Эгамиз шундай демоқда: “Мен Исроил ва Яҳудо халқларига берган эзгу ваъдамни бажараман. Ваъдамни бажарадиган кунлар яқинлашиб келяпти.

15Ўша кунларда Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Юртда у адолату тўғрилик ила иш тутади.

16Ўша кунларда Яҳудо халқи бехатар яшайди, Қуддус аҳолиси осойишта ҳаёт кечиради. Қуддус шаҳри “Эгамиз нажоткоримиздир” деб ном олади.”

17Эгамиз шундай демоқда: “Довуднинг насли Исроил тахтида абадий ўтиради.

18Леви авлодидан бўлган руҳонийлар эса ҳузуримда қурбонликлар куйдириб, дон назрларини келтирадилар, улар абадулабад Менга қурбонликлар қиладилар.”

19Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди.

20Эгамиз шундай деди: “Борди–ю, биронтангиз тун ва кун билан тузган амримни бузишга қодир бўлсангиз, уларнинг тартибини ўзгартира олсангиз,

21шундагина Мен ҳам Довуд ва Менга хизмат қилаётган Леви авлоди билан тузган аҳдимни бузаман, Довуд сулоласини тахтдан тушираман.

22Мен қулим Довуд наслини ва Менга хизмат қилаётган Леви авлодини осмондаги юлдузлардай, денгиздаги қумдай сон–саноқсиз қиламан.”

23Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди:

24“Бу одамларнинг гапини эшитдингми? Улар, Эгамиз Ўзи танлаган иккита халқни — Исроил ва Яҳудони рад этди, деб айтиб юришибди. Бу одамлар халқимдан шунчалик ҳазар қилишадики, уни энди халқ деб тан олишдан ор қилишяпти.”

25Эгамиз шундай демоқда: “Мен кун ва тунга берган амримни, осмону фалак учун ўрнатган қонун–қоидаларимни ҳеч қачон ўзгартирмайман.

26Шу сингари Ёқуб авлодини ва қулим Довуд сулоласини рад этмайман. Мен доимо Довуд наслидан шоҳ танлайман. Уни Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб авлодининг устидан ҳукмрон қилиб қўяман. Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман, уларга раҳм–шафқат кўрсатаман.”

>