Еремиё 34:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Бобил шоҳи Навухадназар ўз лашкарлари, қўли остидаги барча шоҳликлару халқлар билан бирга Қуддусга ва унинг ён–атрофидаги шаҳарларга қарши жанг қилаётган эди. Шунда Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.

2Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳузурига бор. Унга айт: Эгамиз шундай демоқда: “Мен бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қиламан, у шаҳарга ўт қўяди.

3Сен ҳам Бобил шоҳининг қўлидан қочиб қутула олмайсан. Одамлар сени тутиб оладилар. Бобил шоҳининг қўлига топширадилар. Сен ўз кўзинг билан Бобил шоҳини кўрасан, у сен билан юзма–юз гаплашади. Кейин сени Бобилга жўнатиб юборади.

4Бироқ, эй Яҳудо шоҳи Зидқиё, Эгамизнинг сўзини эшит! Эгамиз сен ҳақингда шундай демоқда: Сен қиличдан ҳалок бўлмайсан.

5Тинчгина оламдан кўз юмасан. Одамлар ота–боболарингни, сендан олдин ўтган шоҳларни қандай дафн қилишган бўлса, уларнинг шарафига қандай гулхан ёқишган бўлса, сенинг шарафингга ҳам шундай гулхан ёқишади. Йиғи–сиғи қилиб: “Вой, хожам!” дея марсия айтишади.” Эгамизнинг каломи шудир.”

6Еремиё пайғамбар буларнинг ҳаммасини Қуддусда Яҳудо шоҳи Зидқиёга айтди.

7Шу орада Бобил шоҳининг лашкарлари Қуддус, Лахиш ва Озикаҳ шаҳарларига ҳужум қилаётган эдилар. Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларидан ўшаларгина ёвга ҳанузгача таслим бўлмаган эди.

8Шоҳ Зидқиё Қуддусдаги бутун аҳоли билан аҳд қилиб, иброний қулларини озодликка чиқаришни эълон қилгандан кейин, Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.

9Зидқиё қилган аҳдга кўра, ҳамма иброний қулларига ва чўриларга озодлик берилиши лозим эди. Яҳудий биродарларни қулликда тутиш ман этилган эди.

10Аъёнлар билан бутун халқ аҳд шартларига кўнди. Улар ўз қуллари билан чўриларини озод қилишга, уларни бундан кейин қул қилиб олмасликка рози бўлган эдилар. Барча қулдорлар аҳдга риоя қилган ҳолда, қулларига озодлик беришди.

11Кейинчалик эса ўз фикрларидан қайтиб, озод қилган қул ва чўриларни мажбурлаб, ўзларига яна қул қилиб олишди.

12Шунда Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди.

13Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Мен ота–боболарингизни Мисрдаги қулликдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд қилиб, шундай деган эдим:

14Ўзини сизга сотиб, олти йил хизмат қилган ҳар бир иброний қулини озод қилинглар.” Аммо ота–боболарингиз айтганларимга эътибор бермадилар, Менга қулоқ солмадилар.

15Яқинда эса сизлар тавба қилган эдингизлар. Менинг номим билан аталган уйимда — ҳузуримда туриб, биродарларингизни озод қилишга аҳд қилган эдингиз. Менинг назаримда бу ишингиз тўғри эди.

16Кейин эса сизлар фикрингиздан қайтдингизлар. Мени бадном қилдингизлар. Ўз хоҳишига кўра, озод қилинган қулу чўриларингизни қайтариб олдингизлар, уларни қул бўлишга мажбур қилдингизлар.”

17Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар Менга итоатсизлик қилиб, ёру дўстларингизни, қўни–қўшниларингизни қўйиб юбормадингиз, шунинг учун Мен сизларни қўйиб юбораман. Мана, уруш, қаҳатчилигу ўлатга йўлингиз очиқ! Аҳволингизни дунёдаги барча шоҳликлар кўриб, даҳшатга тушади.

18Аҳдимни бузган бу одамларни Мен жазолайман. Улар ҳузуримда аҳд тузган эдилар, бузоқни икки қисмга бўлиб, икки бўлаги орасидан ўтган эдилар. Аммо аҳд шартларига риоя қилмадилар. Шунинг учун Мен уларни бўғизланган бузоқнинг ҳолига тушираман.

19Бузоқнинг икки бўлаги орасидан ўтган Яҳудо аъёнларини, Қуддус маъмурларини, сарой амалдорларини, руҳонийларини ва халқ оммасини жазолайман.

20Улардан қасди борларга ўзларини топшираман, душман қўлига бераман. Жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади.

21Яҳудо шоҳи Зидқиёни ҳам аъёнлари билан бирга душман қўлига бераман, улардан қасди борларга топшираман. Вақтинчалик чекинган Бобил шоҳининг лашкарларига уларни таслим қиламан.

22Мен буйруқ бериб, Бобилликларни бу шаҳарга қайтариб олиб келаман. Улар сизларга ҳужум қиладилар. Шаҳарни қўлга олиб, ўт қўядилар. Яҳудо шаҳарлари вайрон бўлади, у ерда ҳеч ким яшамайди.” Эгамизнинг каломи шудир.

>