Еремиё 39:1-18 UZV2013 - Bible AI

1Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили, ўнинчи ойида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бор қўшини билан келиб, шаҳарни қамал қилди.

2Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили, тўртинчи ойининг тўққизинчи кунида Бобилликлар Қуддус деворини ёриб, шаҳарга кирдилар.

3Шаҳар қўлга олингач, Бобил шоҳининг ҳамма аъёнлари шаҳарнинг Ўрта дарвозасидаги маҳкамаларда қўмондонлик қароргоҳини жойлаштирдилар. Аъёнларнинг орасида Наргалшаразар, Самгарнаву, бош маслаҳатчи Сарсаҳим ва амалдор Наргалшаразар бор эдилар.

4Яҳудо шоҳи Зидқиё ва унинг ҳамма лашкарлари уларни кўрдилару қочдилар. Улар ярим кечаси шоҳнинг боғи орқали ўтиб, икки девор орасидаги дарвозадан чиқдилар–да, Иордан водийсига қараб кетдилар.

5Аммо Бобил лашкарлари Зидқиёнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида уларга етиб олишди. Улар Зидқиёни қўлга олиб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи Навухадназарнинг ҳузурига олиб боришди. Шоҳ Навухадназар Зидқиёни ҳукм қилди,

6Ривлода Зидқиёнинг ўғилларини кўзи олдида ўлдирди, сўнг ҳамма Яҳудо аъёнларини қатл қилди.

7Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, Бобилга олиб кетиш учун кишанлади.

8Бобилликлар шоҳ саройига ва одамларнинг уйларига ўт қўйиб, Қуддус деворларини йиқитдилар.

9Қўриқчилар сардори Набизарадон шаҳарда қолган бутун халқни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқларни Бобилга асир қилиб олиб кетди.

10У Яҳудо юртида ҳеч вақоси бўлмаган қашшоқ одамларнигина қолдирди. Ўша одамларга дала ва узумзорларни берди.

11Шоҳ Навухадназар қўриқчилар сардори Набизарадон орқали Еремиёга оид қуйидаги амрни берди:

12“Еремиёни қарамоғингизга олиб, унга яхши қаранглар. Асло зарар етказманглар, сизлардан нима сўраса бажаринглар.”

13Қўриқчилар сардори Набизарадон, бош назоратчи Навушазбон, шоҳ маслаҳатчиси Наргалшаразар ва Бобил шоҳининг ҳамма бош амалдорлари одам юбориб,

14Еремиёни қўриқчилар ҳовлисидан олиб келишини буюрдилар. Уни эсон–омон уйига элтиб қўйиш учун, Гадалиёга топширдилар. Гадалиё Охихамнинг ўғли, Шофонинг невараси эди. Шундай қилиб, Еремиё ўз халқининг орасида қолди.

15Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, унга Эгамизнинг сўзи аён бўлган эди:

16“Ҳабашистонлик Обидмалекнинг олдига бориб, шундай деб айт: Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам айтмоқда, Мен айтган сўзларимни бажо қиламан. Бу шаҳарга яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Сен ўзинг бунинг гувоҳи бўласан.”

17Эгамиз яна шундай демоқда: “Лекин ўша куни Мен сени қутқариб қоламан. Ўзинг қўрқадиган одамларнинг қўлига сени бермайман.

18Сени, албатта қутқараман, жангда ҳалок бўлмайсан. Менга умид боғлаганинг учун, жонинг омон бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

>