Еремиё 41:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Ўша йилнинг еттинчи ойида шоҳ Зидқиёнинг бош лашкарбошилардан бири бўлган Натаниё ўғли Исмоил ўнта одами билан бирга Миспахга — Охихам ўғли Гадалиёнинг ҳузурига борди. Исмоил шоҳ уруғидан бўлган Элишаманинг набираси эди. Гадалиё келганлар билан бирга дастурхон атрофида ўтириб овқатланаётганда,

2Натаниё ўғли Исмоил ва у билан келган ўнта одам қиличларини яланғочлаб, Бобил шоҳи ҳоким қилиб тайинлаб кетган Гадалиёни чопиб ташлади.

3Гадалиё билан бирга Миспахда бўлган ҳамма яҳудийларни Исмоил қиличдан ўтказди. У ердаги Бобиллик сипоҳларни ҳам ўлдирди.

4Эртаси куни Гадалиё ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар тарқалмай туриб,

5Шакам, Шилў ва Самариядан саксонта одам келди. Улар қайғудан соқолини олган, кийимларини йиртган, таналарини тилган эдилар. Улар дон ва тутатқиларни назр қилиш учун Маъбадга кетаётган эдилар.

6Натаниё ўғли Исмоил уларни кутиб олиш учун Миспахдан йиғлаб чиқди. Уларга яқинлашгач: “Қани ичкарига, Гадалиёнинг олдига киринглар”, деди.

7[7-9] Улар шаҳарга киришлари биланоқ, Исмоил билан унинг одамлари уларни ҳам қириб ташладилар. Аммо келганлардан ўнтаси Исмоилга ёлвориб дедилар: “Илтимос, бизни ўлдирма! Далаларда яшириб қўйган буғдой, арпа, зайтун мойи ва асалимиз бор.” Исмоил уларни ўлдирмай, ҳаётларини асраб қолди. Ўлдирган одамларнинг жасадларини эса катта сардобага ташлади. У жасадларга тўлдирган бу сардобани Яҳудо шоҳи Осо Исроил шоҳи Башо ҳужум қилган пайтда қурдирган эди.

10Исмоил Миспахда омон қолган ҳамма одамларни асир қилиб олди. Уларнинг орасида Бобиллик қўриқчилар сардори Набизарадон Гадалиёнинг ихтиёрига топширган маликалар ва Миспахдаги ҳамма одамлар бор эди. Натаниё ўғли Исмоил уларнинг ҳаммасини асир қилиб, Оммон юртига жўнади.

11Натаниё ўғли Исмоилнинг қилган жиноятлари ҳақида Кариёх ўғли Йўханон ва лашкарбошилар хабар топдилар.

12Улар бор одамларини тўплаб, Исмоил билан жанг қилиш учун йўлга тушдилар. Улар Исмоилга Гивондаги катта ҳовуз ёқасида етиб олдилар.

13Исмоилнинг асирлари Кариёх ўғли Йўханонни ва унинг ёнидаги ҳамма лашкарбошиларни кўриб, хурсанд бўлиб кетишди.

14Исмоил Миспахдан асир қилиб олган ўша одамларнинг ҳаммаси орқага — Кариёх ўғли Йўханоннинг олдига югуриб келишди.

15Натаниё ўғли Исмоил эса саккизта одами билан Йўханондан қочиб, Оммон юртига кетди.

16Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон ва унинг лашкарбошилари Миспахдаги фожиада омон қолган аёлу бола–чақаларни, сарой амалдориларию жангчиларни Гадалиёнинг қотили Исмоилнинг қўлидан озод қилдилар. Уларни ўзлари билан Гивондан олиб кетдилар.

17[17-18] Йўханон лашкарлари Бобилликлардан қўрққанлари учун, Мисрга йўл олдилар. Чунки Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаган Гадалиёни Исмоил ўлдирган эди. Сўнг ҳаммаси йўлда Байтлаҳм ёнидаги Химхам қўнолғасида тўхтадилар.

>