Еремиё 43:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Еремиё Эгаси Худо ўзига аён қилган бу сўзларнинг ҳаммасини бутун халққа айтиб бўлгач,

2Ҳўшайё ўғли Озариё, Кариёх ўғли Йўханон ва бошқа сурбетлар Еремиёга шундай дедилар: “Ёлғон гапиряпсан! Эгамиз Худо сенга, Мисрга бориб яшаманглар, деб айтмаган.

3Нериё ўғли Борух сени гижгижлаб юрибди. У бизни Бобилликларнинг қўлига тушириб, ҳалок қилмоқчи ёки сургун қилиб юбормоқчи.”

4Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон, лашкарбошилар ва бутун халқ Эгамизнинг амрига итоат қилмадилар, улар Яҳудо юртида қолишдан бош тортдилар.

5Яҳудога турли юртлардан қайтиб келган ҳамма одамларни Кариёх ўғли Йўханон ва лашкарбошилар ўзлари билан олиб кетдилар.

6Булардан ташқари, улар қўриқчилар сардори Набизарадон Охихам ўғли Гадалиё ёнида қолдириб кетган ҳамма эркагу аёлларни, бола–чақа, маликалар, Еремиё пайғамбар ва Нериё ўғли Борухни ҳам ўзлари билан олиб кетдилар.

7Улар Эгамизнинг амрига итоат қилмай, Мисрга жўнаб, Тахпанхас шаҳрига етиб бордилар.

8Тахпанхасда Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

9Яҳудийларнинг кўзи олдида катта тошларни ол. Бу тошларни Тахпанхас шаҳридаги фиръавн саройининг кираверишига, ҳовлидаги ғишт йўлаги остига кўмиб қўй.

10Сўнг яҳудийларга шундай деб айт: Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарни бу ерга олиб келаман. У мана шу кўмилган тошларнинг устига тахтини ўрнатиб, шоҳона чодирини тикади.

11У келиб Мисрни вайрон қилади, ҳар бир одам пешанасидагини кўради:
Баъзилар асирликка тушиб, сургун қилинади, Баъзилар қиличдан ўтказилади.

11Баъзилар ўлатга йўлиқиб, нобуд бўлади,

12Менинг амрим билан Навухадназар Миср худоларининг саждагоҳларига ўт қўяди. Баъзи бутларини ёндиради, баъзиларини ўзи билан олиб кетади. Қўйчивон тўнини бит–бургадан астойдил тозалагандай, Навухадназар ҳам Миср юртини қиртишлаб тозалайди. Сўнг соғ–саломат ўз юртига қайтиб кетади.

13У Мисрдаги Қуёш саждагоҳига ўрнатилган бутсимон тошларни бузиб ташлайди. Миср худоларининг саждагоҳларини ёқиб юборади.”

>