Еремиё 46:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз халқлар ҳақида Еремиёга Ўз сўзини аён қилди.

2Бу Миср ҳақида башорат эди. Аниқроғи, Миср фиръавини Нехонинг лашкарлари тўғрисида эди. Улар Фурот дарёси бўйидаги Кархамиш шаҳрида қароргоҳ қурган эдилар. (Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар бу лашкарларни мағлуб қилди).

3“Каттаю кичик қалқонларни тайёр тутинг! Қани, энди жангга киринг!

4Отларга эгар уринг, Чопқир отларни мининг! Дубулғаларни кийиб олинг, Жанговар ҳолатга туринг. Найзаларни ўткирланг, Совутларни кийиб олинг!

5Нималарни кўряпман?! Миср лашкари ваҳимага тушди, Улар орқага чекинди, Жангчилари тор–мор бўлди. Улар орқага қарамай шошилиб қочдилар. Атрофни даҳшат қамради.” Эгамизнинг каломи шудир.

6Чаққонлар қоча олмайдилар, Сипоҳлар қочиб қутулолмайдилар. Улар шимолда, Фурот дарёси бўйида Қоқилиб йиқилиб тушадилар.

7Ким у Нил дарёсидай қирғоғидан чиқиб кетган?! Ким у сувлари тошқин дарё каби бўлиб қолган?!

8Миср Нилдай ҳаддидан ошган, Сувлари тошқин дарёга ўхшаб қолган. У айтади: “Мен кўтарилиб, ер юзини қоплайман, Шаҳарларни вайрон қиламан, Аҳолисини қириб ташлайман.”

9Эй отлиқлар, ҳужум қилинг! Жанг араваларини учиртиринг! Эй қалқон тутган Ҳабашистонликлару Ливияликлар, Эй камон ушлаган Лидияликлар, Қани, жангга киринг!

10Ахир, бу Сарвари ОламРаббийнинг кунидир. Бу кун қасос куни бўлади, Худо душманларидан ўч олади. Унинг қиличи тўйгунча эт ейди, Чанқоғи босилгунча қондан ичади. Ўша куни Фурот бўйидаги шимолий юртда, Сарвари Олам — Раббий ёвларини қурбон қилади.

11Эй, бокира қиз Миср, Гиладга бор, малҳам олгин. Аммо сен бекорга дори–дармон йиғасан, Барибир дардингга шифо топмайсан.

12Халқлар шарманда бўлганингни эшитди, Фарёдларинг билан ер юзини тўлдирдинг. Жангчиларинг бир–бирига урилди, Ҳаммаси мағлуб бўлиб йиқилди.

13Бобил шоҳи Навухадназар Мисрга ҳужум қилиши ҳақида Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

14Мисрда шундай деб эълон қилгин, Мигдол шаҳрида шундай деб хабар бергин, Нуф ва Тахпанхас шаҳарларида жар солиб айтгин: “Жойларингизни эгалланг! Жангга шай туринг! Зеро, қилич атрофдаги ҳаммани қиради.”

15Жангчиларингиз мағлуб бўлади! Улар бардош бера олмайди. Зеро, Эгамизнинг Ўзи уларни уради.

16Улар қайта–қайта қоқиладилар, Бир–бирининг устига йиқиладилар. Шунда ўзларига ўзлари айтадилар: “Қани, бўлинглар, Халқимизнинг олдига қочиб қолайлик! Киндик қонимиз тўкилган юртга борайлик. Бу қирғиндан қочиб қутулайлик.”

17Улар шундай деб бақирадилар: Фиръавн катта гапирди, Аммо фурсатни қўлдан бой берди.”

18Худо Шоҳдир, Сарвари Оламдир Унинг номи. У шундай демоқда: “Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки, Сизларга қарши бир ғаним келаётир. У тоғлар орасидаги Товур тоғидай забардаст, Денгиз бўйидаги Кармил тоғидай улкан.

19Эй қиз Миср, Тугунингни йиққин, Сургунга кетишга ҳозирлангин! Ана, Нуф шаҳри вайрон бўлади, Кимсасиз, ҳувиллаб қолади.

20Миср чиройли бир ғунажинга ўхшайди, Аммо шимол сўнаси унга ёпирилади.

21Мисрнинг ёлланма аскарлари Боқилган бузоқларга ўхшайди. Аммо кулфат куни келганда, Жазо оладиган вақти етганда, Уларнинг ҳаммаси орқага қочади, Душман қаршисида чекинади.

22“Бостириб келаётган душман дастидан Миср қочаётган илондай вишиллайди. Душманлар дарахт кесувчилар каби Болта кўтариб, Мисрга ҳужум қилишади.”

23Эгамиз шундай демоқда: “Мисрнинг ўрмони қалин бўлса–да, Душманлар уни кесиб ташлайди. Ахир, душманлар чигирткадан ҳам кўп, Саноғига етиб бўлмайди.

24Қиз Миср шарманда бўлади, Шимолдаги халқнинг қўлига тушади.”

25Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Нў шаҳрининг худоси Омонни жазолайман. Фиръавннинг, Мисрнинг, у ердаги шоҳлар ва худоларнинг, фиръавнга умид боғлаган ҳамманинг адабини бераман.

26Уларнинг жонларига қасд қилаётган Бобил шоҳи Навухадназарнинг ва аъёнларининг қўлига бераман. Аммо вақт ўтиб, Мисрда илгаригидек одамлар яшайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

27“Эй қулим Ёқуб, қўрқма! Эй Исроил халқи, саросимага тушма! Мен сени олис юртдан озод қиламан, Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман. Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан, Осойишта ва бехатар яшайсан. Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.”

28Эгамиз шундай демоқда: “Сен, эй қулим Ёқуб, қўрқма, Мен сен билан бирга бўламан. Сени халқлар орасига тарқатиб юборган эдим, Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман. Сени эса қириб юбормайман, Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман. Адолат ила жазоингни бераман.”

>