Еремиё 47:1-7 UZV2013 - Bible AI

1Фиръавн Ғазо шаҳрига ҳужум қилишидан олдин, Филист халқи ҳақида Эгамизнинг шу сўзлари Еремиёга аён бўлди:

2Эгамиз айтмоқда: — Қаранг, шимолда душманлар тўпланмоқда, Улар сувга ўхшаб кўпириб келмоқда. Жўшқин дарё каби тошиб ҳовлиқмоқда. Улар тўфондай бутун юртни босиб кетади, У ердаги ҳаммани — Шаҳарлар ва одамларни чўктиради. Халқ доду фарёд қилади, Юрт аҳолиси фиғон чекади.

3От туёқлари тасир–тусур уради, Аравалар тарақ–туруқ қилади, Ғилдираклар гурсиллайди. Эркаклар ичидан зил кетадилар. Ҳатто болаларини қутқаргани ҳам Улар орқага қайтмайдилар.

4Ҳа, ўша кун келади, Филист халқи қириб ташланади! Омон қолган иттифоқчилари йўқ қилинади. Тир ва Сидон шаҳарларига ёрдам келмайди, Хафтўр соҳилларидан келган Филистларни Эгамизнинг Ўзи йўқ қилади.

5Ғазо аҳолиси қайғудан сочларини олдиради, Ашқалон одамларининг дами ичига тушиб кетади. Эй, Филист забардастларидан омон қолганлари! Қачонгача ғам чекиб, баданингизни тиласиз?!

6“Шўрим қурсин! Эй Эгамнинг қиличи! Қачон тиниб–тинчийсан сен?! Бўлди етар, тинчланақол! Қинингга кир, дамингни ол!”

7Эвоҳ, Эгамнинг Ўзи амр этган бўлса, Қандай дам олсин у қилич?! “Ашқалон шаҳрига ва соҳилга ҳужум қил” деган бўлса, Қандай тинчлансин у қилич?!