Еремиё 49:1-39 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Оммон халқи тўғрисида шундай деди: Исроил тирноққа зормиди?! Унинг меросхўри йўқмиди?! Нимага унда Мўлахга топинадиганлар Гад ҳудудини эгаллаб олишди? Нимага Оммон халқи Гад шаҳарларида яшаяпти?”

2Эгамиз демоқда: “Бу қилмишлари учун шундай кунлар келадики, Мен Оммонликларнинг Рабба шаҳрига қарши жанг эълон қиламан. Рабба шаҳрини вайроналар уюмига айлантираман, Атрофдаги қишлоқларига ўт қўяман. Шунда Исроил халқи босқинчиларининг ерларини босиб олади.” Эгамизнинг каломи шудир.

3Дод сол, эй Хашбон! Ай шаҳри вайрон бўлди! Эй Рабба аҳолиси, фарёд қилинг! Қанорга ўраниб, марсия айтинг, Саросимага тушиб баданингизни тилинг. Ахир, худойингиз Мўлах сургун қилинади, Руҳонийлару аъёнларингиз асирга олиб кетилади.

4Эй исёнкор қиз Оммон, Нечун кучинг билан мақтанасан? Сенинг кучинг қирқилади! Сен бойлигингга ишонасан, “Бизга ҳужум қилишга ким журъат этар?”, дейсан.

5Сарвари ОламРаббий шундай демоқда: “Мен Ўзим сенга ҳар томондан даҳшат соламан. Ҳаммангиз тумтарақай бўлиб қочасизлар, Қочоқларингизни ҳеч ким тўплай олмайди.

6Аммо шундан сўнг Мен Оммон халқини яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

7Сарвари Олам Эдом ҳақида шундай деди:

7 Темонда фаросатли киши қолмадими? Оқилона насиҳат берадиган топилмадими? Ақлларини моғор босдими?

8Эй Дедонликлар, қочинглар, Чуқур ғорларда бекиниб олинглар! Вақт келди Эсов наслини жазолашга, Фалокат келтираман унинг бошига.

9Боғингизда узум терган одамлар Бир–икки бош узум қолдиради–ку! Кечаси уйга тушган ўғри Фақат хоҳлаган нарсасини олади–ку!

10Мен эса Эсовнинг бор–йўғини тортиб оламан, Унинг пана жойларини ошкор қиламан, У ҳеч қаерга яширина олмайди. Унинг болалари ҳалок бўлади, Оға–ини, қўшнилари ўлади. Ундан асар ҳам қолмайди.

11Етимларингизни қолдиринг, Уларнинг жонини асрайман. Беваларингиз Менга инониб яшасин.

12Эгамиз шундай демоқда: “Айбсиз одамлар жабр тортса–ю, сен, эй Эдом, жазосиз қоласанми?! Йўқ, сен жазодан қочиб қутулолмайсан. Жазо косасидан албатта ичасан.

13Ўз номим билан қасам ичиб айтаманки, Бозрах шаҳри вайрон бўлади. Унинг аянчли аҳволи одамларни ваҳимага солади. Ўтган–кетганлар уни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатади. Ён–атрофидаги ҳамма шаҳарлар ҳам то абад ташландиқ бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

14Мен, Еремиё, Эгамиздан бир хабар олдим, Жарчи бу хабарни халқларга эълон қилди: “Тўпланинг! Шаҳарга ҳужум қилинг, Қани, жангга отланинг!

15Эй Эдом, сени халқлар орасида арзимас қилиб қўяман, Бутун одамзод сендан ҳазар қиладиган бўлади.

16Важоҳатинг сени алдади, Такаббурлигинг сени аҳмоқ қилди. Сен–ку тик қояда яшайсан, Азим чўққиларни эгаллагансан. Бургут каби инингни баланд қурган бўлсанг ҳам, Сени у ердан тортиб тушираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

17Эдомнинг бошига тушадиган кулфатлар шу қадар даҳшатли бўладики, бу юртнинг олдидан ўтган ҳар бир киши ваҳимага тушиб, қотиб қолади.

18Садўм, Ғамўра ва атрофдаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Эдом ҳам худди шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди.

19Мен Иордан чакалакзоридаги арслондай яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Эдом халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрай олади?! Қайси чўпон Менга қарши тура олади?!

20Шундай экан, Эдом халқига қарши тузган режаларимни эшитиб қўйинг. Темон аҳолисига қилган ниятларимга қулоқ тутинг: Йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари туфайли ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади.

21Эдом гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади. Халқнинг доду войлари Қизил денгизгача эшитилади.

22Қаранглар! Душман бургутдай Бозрахга ҳужум қилмоқда. Қанот кериб шаҳар узра парвоз этмоқда. Ўша куни Эдом лашкарлари дард тутган аёл каби ваҳимага тушади.

23Қуйидаги хабар Дамашқ ҳақидадир:
Хомат билан Арпад аҳли шум хабар эшитишади, Шунинг учун улар саросимага тушади. Юрагига тушган ғулғула босилмайди, Жўшқин денгиз каби тинчланмайди.

24Дамашқ мадорсиз қолади, Орқага қочмоқчи бўлади, Бутун вужудини ваҳима қамраб олади. Дард тутган аёлдай азобу қийноқда қолади.

25Эвоҳ, машҳур шаҳар тарк этилади! Қувонч макони ташлаб кетилади!

26Ўша куни йигитлари майдонларда ўлади, Ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.

27“Мен Дамашқ деворларига ўт қўяман, Олов Банҳадад қалъаларини ёндириб ташлайди.”

28Бобил шоҳи Навухадназар мағлуб қилган Кедар ва Хазор шоҳликлари ҳақида Эгамиз шундай дейди:
“Қани бўлинг, Кедарга ҳужум қилинг! Ўша шарқ қабилаларини ҳалок этинг!

29Қўлга киритинг чодирларию қўйларини, Пардаларию бор бисотини. Туяларини ўзингизга олинг.“ Одамлар бақиради: “Атрофни даҳшат қамради!”

30Эгамиз шундай демоқда: “Эй Хазор аҳолиси! Қочинг! Узоқларга бош олиб кетинг. Чуқур ғорларда яшириниб олинг. Зеро, Бобил шоҳи Навухадназар Сизларга қарши бир режа тузди, Сизларни ҳалок этиш ниятида юрибди.”

31Эгамиз шундай демоқда: “Эй Бобил лашкарлари, Қани, хотиржам бўлган халққа ҳужум қилинглар! Бехатар яшаётганларга ташланинглар! Улар саҳрода ёлғиз яшайдилар, Шаҳарларининг на дарвозалари, на тамбалари бор.

32Уларнинг туяларини ўлжа оласиз, Мол подаларини қўлга киритасиз. Сочини олдириб юрган Хазорликларни Мен тўрт томонга тарқатиб юбораман. Уларнинг устига ҳар ёқдан кулфат ёғдираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

33Хазор то абад ташландиқ бўлиб қолади, Чиябўрилар маконига айланади. У ерда ҳеч ким яшамайди, У жойларга ҳеч ким бориб ўрнашмайди.

34Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг бошида Эгамиз Еремиё пайғамбарга Элам юрти тўғрисида Ўз сўзини аён қилди.

35Сарвари Олам демоқда: “Мен Элам мерганларини нобуд қиламан. Қудратининг манбаини синдираман.

36Улар устига тўрт томондан душман соламан. Ҳаммасини ер юзининг тўрт томонига тарқатиб юбораман. Эламликлар қочиб бормаган бирон бир юрт қолмайди.”

37Эгамиз демоқда: “Мен Эламни қасди бор душманлари қаршисида саросимага соламан. Қайнаган ғазабимни устиларига кулфат қилиб ёғдираман. Ортидан қилич солиб, ҳаммасини битта қолдирмай қириб ташлайман.

38Уларнинг шоҳини аъёнлари билан бирга йўқ қиламан. Эламда Ўз тахтимни ўрнатаман.

39Аммо кейинчалик Мен Элам халқини яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

>