Еремиё 51:1-64 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз шундай демоқда: “Мен Бобилга ва унинг аҳолисига қарши, Ҳалокат келтирадиган шамол қўзғатаман.

2Бобилга ажнабийларни жўнатаман. Улар буғдойни совургандай, Бобилни совуриб ташлайдилар. Унинг бор–йўғини шилиб оладилар. Кулфат куни унга ҳар ёқдан ёпириладилар.

3Бобил камончиларининг совут кийишига, Ўқ узишларига имкон берманг. Бобил йигитларига раҳм қилманг! Лашкарини тамомила қириб битиринг.

4Улар Бобил юртида чопиб ташланадилар, Кўчаларида оғир яраланиб ётадилар.

5Исроил ва Яҳудо халқлари Сарвари Олам олдида гуноҳ қилган бўлсалар ҳам, Худоси уларни тарк этмади. Исроилнинг Муқаддас Худоси улардан юз ўгирмади.

6Бобилдан қочиб чиқинглар! Жонингизни қутқариб қолинглар! Бобилнинг гуноҳи туфайли қирилиб кетманглар, Зотан Эгамиз Бобилдан ўч олмоқда, Қилган қилмишларига яраша жазосини бермоқда.

7Бобил Эгамизнинг қўлидаги олтин косадай эди, Бобил бутун дунёни маст қилди. Дунё халқлари косадаги шаробдан ичди, Ҳаммаси ақлдан озди.

8Бобил бирданига қулайди, бузиб ташланади. Унинг учун фарёд қилинг! Яраларига малҳам суртинг, Зора тузалиб қолса!

9Бобилда яшаган ажнабийлар айтишади: “Бобилни тузатмоқчи эдик, аммо у тузалмади. Энди уни ташлаб кетайлик, Ҳар биримиз юртимизга қайтиб кетайлик. Ахир, Бобилнинг жазоси бошидан ошди, Кўкдаги булутларгача етиб борди.”

10Исроил халқи дейди: “Эгамиз бизни оқлади. Юринглар, Қуддусга борайлик, Эгамиз Худонинг буюк ишларини У ерда эълон қилайлик.

11Ўткирланг ўқларни! Тўлдиринг ўқдонларни!

11 Эгамиз Ўз Маъбади учун Бобилликлардан ўч олмоқчи бўлди. У бутун Бобил юртини вайрон қилишни режалаштириб қўйган эди. Режасини амалга ошириш учун Мидия шоҳларини Бобилга қарши қўзғатган эди.

12Бобилга қарши байроқ кўтаринг. Қўриқчилар сафини кучайтиринг, Соқчилар қўйинг. Пистирма қўйишга тайёр туринг. Эгамиз режаларини амалга оширади, Бобилга қарши айтганларини бажаради.

13Эй сероб сувлар бўйидаги шаҳар, Бой хазинага эга бўлган шаҳар! Сенинг кунинг битди. Ҳаётинг ипи узилди.

14Сарвари Олам Ўз номи билан қасамёд қилиб деди: “Чигирткадай гала–гала душманни сенга қарши юбораман. Улар юртинг узра ғолибона ҳайқиради.”

15Эгамиз қудрати ила ерни яратди, Донолиги ила дунёни бунёд этди, Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

16Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди, У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади. Ёмғир ёғдиришдан олдин момақалдироқ чақтиради, Омборларидаги шамоллардан эсдиради.

17Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир. Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади. Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.

18Бу бетайин бутлар алдамчидир. Уларни жазолаган куним йўқ бўлишади.

19Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас. У бутун борлиқни яратган, Мероси бўлган Исроилни бино қилган. Унинг номи Сарвари Оламдир.

20Эй Бобил, сен Менинг болғам, уруш қуролимсан. Сен билан эздим Мен халқларни, Сен билан парчаладим шоҳликларни.

21Сен билан пачақладим отлару чавандозларни, Мажақладим жанг араваларию аравакашларни.

22Сен билан эздим эркагу аёлларни, Сен билан урдим ёшу қариларни, Сен билан ўлдирдим йигиту қизларни,

23Сен билан эздим чўпонлару уларнинг сурувларини, Сен билан урдим деҳқонлару уларнинг ҳўкизларини, Сен билан ўлдирдим ҳокимлару аъёнларни.

24Эгамиз шундай демоқда: “Қуддусга қилган барча ёвузликлари учун Бобилликларни ва бутун Бобил юртини сизнинг кўзингиз олдида жазолайман.”

25Эгамиз шундай демоқда: “Эй Бобил, сен тоғдай бўлиб, Бутун дунёни вайрон қилдинг. Шу боис Мен сенга қаршиман! Мен сенга қарши қўл кўтараман, Сени қоялардан пастга думалатиб юбораман, Куйиб абгор бўлган тоққа айлантираман.

26Сендан на пештоқ учун тош, На пойдевор учун тош олинади. Сен то абад ташландиқ бўлиб қоласан.” Эгамизнинг каломи шудир.

27“Байроқни кўтаринг! Халқларга бурғу чалинг! Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг. Арарат, Миннах ва Ашканоз шоҳликларини Унга қарши тўпланг. Бобилга қарши жанг қиладиган лашкарбошини тайинланг, Чигиртка галасидай кўп отлар келтиринг.

28Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг. Мидия шоҳларини, уларнинг ҳокиму аъёнларини, Уларнинг қўли остидаги ҳамма юртларни Бобилга қарши сафарбар қилинг.

29Бутун дунё дағ–дағ титрамоқда, Зеро, Эгамиз Ўз режасини амалга оширмоқда. Бобил вайрон бўлади, Эвоҳ, кимсасиз ҳувиллаб қолади.

30Бобил сипоҳлари жангдан воз кечишади, Қалъаларида писиб ётишади. Уларнинг мадори қолмайди, Аёллардай заиф бўлиб қолишади. Бобилнинг душмани шаҳар биноларига ўт қўяди, Шаҳар дарвозаларини бузади.

31Чопар кетидан чопар югурар, Хабарчи кетидан хабарчи келар. Бобил шоҳига шундай хабар етказмоқчи улар: “Шаҳрингиз қулади,

32Дарёнинг кечув жойлари қўлга олинди, Тўқайларга ўт қўйилди, Сипоҳлар саросимага тушди.”

33Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Қиз Бобил хирмондаги буғдойга ўхшайди. Тез орада ўрим вақти етиб келади, Ҳадемай у янчилади.”

34Қуддус аҳолиси шундай деди: “Бобил шоҳи Навухадназар бизни ғажиди, эзди, Бизни бўм–бўш идишдай қилиб қўйди. У аждаҳодай бизни ямлади, Лаззатларимиз билан қорнини тўйғизди, Кейин эса бизни тупуриб ташлади.”

35Қуддус аҳолиси айтсин: “Мажақланган танам учун Бобилдан ўч олинсин”, дея. Сион аҳолиси айтсин: “Тўкилган қоним учун Бобилликлар жазолансин”, дея.

36Эгамиз шундай демоқда: “Мен даъвоингизни эшитиб, Сизни ҳимоя қиламан. Сизлар учун ўч оламан. Бобилнинг булоғини қуритаман, Дарёларини сувсиз қолдираман.

37Бобилни бир уюм тошга айлантираман, Чиябўриларнинг макони қиламан. Бобилнинг аҳволидан одамлар даҳшатга тушади, Уни кўрганлар қотиб қолади. У ерда бирон кимса яшамайди.

38Бобилликлар шер каби ўкиришади, Шер болаларидай бўкиришади.

39Айни қизишган пайтларида Уларга ўткир ичимликдан ичираман. Уларни масту шодон қиламан. Сўнг улар абадий уйқуга кетишади, Ҳеч қачон уйғонишмайди.” Эгамизнинг каломи шудир.

40“Мен уларни қўзичоқ, қўчқор ва такалардай Қассоб олдига олиб бораман.”

41Эҳа, Бобил шаҳри қулади–я! Бутун дунё ғурури мағлуб бўлди–я! Унинг қисматидан халқлар даҳшатга тушди!

42Денгиз сувлари Бобилни босди, Шовқин тўлқинлар уни қоплаб олди.

43Ана, шаҳарлари хароб бўлди, Улар чўлу саҳрога айланди. Энди у ерда ҳеч ким яшамайди, Инсон қадами у ерга етиб бормайди.

44Бобил худоси Бэлни Мен жазолайман, Ютганларини оғзидан чиқараман. Энди халқлар унинг олдига оқиб бормайди, Бобил деворлари қулаб тушади.

45Эй халқим, чиқиб кет у ердан! Қочиб қол Эгангнинг қаҳридан! Жонингни қутқаргин!

46Юртдаги миш–мишлар сизни қўрқитмасин, Юрагингизга ғулғула солмасин. Бир йил бир миш–миш бўлади, Кейинги йили бошқаси чиқади. Ҳа, юртдаги зўравонлик ҳақида миш–миш чиқади, Шоҳлар орасидаги уруш ҳақида миш–миш тарқалади.

47Мана, шундай кун келяптики, Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман. Бутун Бобил юрти шарманда бўлади, Кўчаларида жасадлар ётади.

48Ҳа, Бобилга қарши шимолдан Қирғин келтирувчи келади. Шунда Бобилнинг ҳалокатидан Еру осмон шодланади, У ердаги барча мавжудот хурсанд бўлади”, деб айтмоқда Эгамиз.

49“Ахир, Бобил Исроил халқининг умрига зомин бўлди, Ер юзидаги кўп халқларнинг бошини еди, Ана энди унинг қилмишлари ўзининг бошига етди.

50Эй, қиличдан омон қолганлар! Қочинглар, ўйланманглар! Олис юртда Эгангизни эсланглар. Қуддус ҳақида ўйланглар.

51Сизлар айтасиз: “Шарманда бўлдик. Ҳақоратлар эшитдик. Юзимиз шувут. Ахир, Эгамиз уйининг муқаддас хоналарини Ажнабийлар оёқ ости қилди.”

52Эгамиз эса шундай демоқда: “Мана, шундай кунлар келяптики, Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман. Бутун юрт узра Ярадорларнинг фарёдлари эшитилади.

53Бобил осмонга чиқиб олса ҳам, Баланд қалъасини мустаҳкам қилса ҳам, Мен унга қарши қирғин келтирувчини юбораман.” Эгамизнинг каломи шудир.

54Эгамиз шундай демоқда: “Ана, Бобил халқидан доду фарёд кўтарилмоқда, Бобил юртидан вайрон–талқон садолари келмоқда.”

55Эгамиз Бобилни вайрон қилади, Шанғиллаган товушини ўчиради. Душманлар шиддатли тўлқинлардай ўкиради, Қулоқ тешгудек қилиб бақиради.

56Қирғин келтирувчи Бобилга қарши чиқади, Сипоҳларини асирликка олади. Камонларини синдиради. Ахир, Эгамиз жазолайдиган Худодир, У роса Бобилнинг жазосини беради.

57Худо Шоҳдир, Сарвари Оламдир Унинг номи. У шундай демоқда: “Маст қиламан Бобил амалдорларию донишмандларини, Ҳокимларини, аъёнларию жангчиларини. Улар абадий уйқуга кетадилар, Ҳеч қачон уйғонмайдилар.”

58Сарвари Олам шундай демоқда: “Бобилнинг қалин деворлари ер билан яксон қилинади, Баланд дарвозалари ёндириб ташланади. Эллар беҳуда тинкасини қуритади. Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади.”

59Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йили. Шоҳ Зидқиё Бобилга бормоқчи бўлиб йўлга отланганда, Еремиё пайғамбар Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси Сараёга кўрсатмалар берди. Сараё бу сафарда жавобгар бир шахс эди.

60Еремиё ўрама қоғозга Бобилнинг бошига тушадиган барча кулфатларни батафсил баён қилиб ёздирган эди.

61У Сараёга шундай тайинлади: “Бобилга борганингдан кейин, ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни халққа баланд овозда ўқиб бер.

62Кейин эса шундай хитоб қил: “Эй Эгам, Сен Ўзинг бу жойни вайрон қиламан, дегансан. Бу ерда на одамлар, на ҳайвонлар яшайди, бу жой то абад ташландиқ бўлади, деб айтгансан.”

63Ўрама қоғозни ўқиб бўлганингдан кейин, унга бир тош боғлагин–да, Фурот дарёсининг ўртасига улоқтириб юбор.

64Кейин шундай деб айт: “Бобил ҳам шунга ўхшаб чўкиб кетади. Эгамиз Бобилга ёғдирадиган кулфатлар туфайли Бобил ҳеч қачон ўнгланмайди. Унинг бутун аҳолиси ўлади.”

64Еремиёнинг башоратлари тугади.

>