1Эгамиз шундай демоқда: “Ўша вақтда Яҳудо шоҳларининг суяклари, аъёнларнинг, руҳонийларнинг, пайғамбарларнинг ва Қуддус аҳолисининг суяклари қабрлардан олиб чиқилади.
2Уларнинг суяклари қуёш, ой ва осмон юлдузлари олдида сочиб ташланади. Зотан бу одамлар осмон жисмларини севар эдилар, ўшаларга хизмат қилар эдилар, уларга эргашиб, маслаҳат солар эдилар, ўшаларга сажда этар эдилар. Уларнинг суякларини ҳеч ким йиғиб кўммайди, гўнгдай ер устида ётаверади.
3Бу ёвуз наслнинг омон қолганларини Мен турли жойларга сургун қиламан. Ўшанда улар яшашдан кўра ўлимни афзал кўрадиган бўладилар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
4Уларга бориб айт: Эгамиз шундай деб айтмоқда: Йиқилган одам турмайдими?! Йўлдан адашган ортига қайтмайдими?!
5Нима учун бу халқ Мен кўрсатган йўлдан озди? Нима учун Қуддус аҳли тўғри йўлга қайтмаяпти? Улар ёлғонга қаттиқ ёпишиб олдилар, Ҳузуримга қайтишдан бош тортдилар.
6Мен уларнинг гапларига яхшилаб қулоқ солдим, Биронтаси тўғри гап айтмайди. Ҳеч бири қилмишидан пушаймон бўлмайди, “Нималар қилиб қўйдим?” демайди. Улар жангга чопган отга ўхшайдилар Ўз йўлларидан қайтмайдилар.
7Ҳаттоки осмондаги лайлаклар Қайтиб келиш вақтини билади. Каптар, қалдирғочу турналар Мавсумда кўчиш вақтига амал қилади. Менинг халқим эса ўз Эгасининг Қонун–қоидаларини билмайди.
8Сизлар: “Биз дономиз” деб айтасиз, “Бизда Эгамизнинг қонунлари бор”, деб мақтанасиз. Аслида тафсирчилар қаллоблик қилиб, Қонунимни ўзгартирдилар.
9Бундай донолар шарманда бўлади, Саросимага тушиб, тузоққа илинади. Эгамизнинг сўзини рад этганларни Доно, деб бўладими?!
10Шунинг учун уларнинг хотинларини бошқаларга бераман, Далаларини босқинчиларга топшираман. Зотан уларнинг кичигидан тортиб каттасигача Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади. Пайғамбаридан тортиб руҳонийсигача — Ҳаммаси товламачилик қилишади.
11Халқимнинг яраларини юзаки даволашади. Аҳвол оғир бир пайтда “ҳаммаси яхши”, деб айтишади.
12Жирканч ишлари учун улар уяладиларми? Йўқ, улар уялмайдилар! Қизариш деган нарсани билмайдилар. Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар, Уларни жазолаб, хонавайрон қиламан”, деб айтмоқда Эгамиз.