Еремиё 9:1-26 UZV2013 - Bible AI

1Кошкийди, бошим бир булоқ бўлса, Кўзларим ёшлар чашмаси бўлса. Халқим ҳалокатга учрагани учун, Кечаю кундуз йиғлаган бўлар эдим!

2Қанийди, саҳрода бир қўнолғам бўлсайди, Мен халқимни тарк этган бўлардим, Уларнинг орасидан чиқиб кетардим! Ахир, уларнинг ҳаммаси зинокор, хоинлар тўдасидир.

3Эгамиз шундай демоқда: “Халқим тилларини камон каби қайириб, Ёлғон сўзларни ўқдек отишади. Халқим ноҳақлик қилиб, юртда кучайиб бормоқда, Ёмонлик кетидан ёмонлик қилмоқда, Улар Мени тан олмайдилар.”

4“Қўшнингиздан эҳтиёт бўлинг, Қариндошингизга ишонманг. Ҳамма қариндошингиз ёлғончи, Ҳамма қўшнингиз туҳматчи.

5Қўшни қўшнисини алдайди, Биронтаси тўғри гап гапирмайди. Тили ёлғон гапиришга ўрганиб қолган. Ҳолдан тойгунча гуноҳ қилишади.

6Эй Еремиё, сен ёлғончилар орасида яшаяпсан, Улар ёлғонлари дастидан Мени тан олишни хоҳламаяптилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

7Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда: “Мен халқимни синовдан ўтказиб, поклайман. Уларни бошқа нима ҳам қилар эдим?!

8Уларнинг тили ҳалокат келтирадиган ўққа ўхшайди, Оғзидан фақат ёлғон сўзлар чиқади. Қўшниларига ширин гапиришади, Ичларида эса уларни тузоққа туширмоқчи бўлишади.

9Шундай экан, булар учун уларни жазоламайми?! — деб айтмоқда Эгамиз, Шундай бир халқдан ўч олмайми?!”

10Мен тоғлар учун фарёд қилиб, йиғлайман, Даштдаги яйловлар учун марсия айтаман, Чунки яйловларнинг ҳаммаси қуриб қолган. У ердан ҳеч ким ўтмайди, Сигирларнинг маъраши эшитилмайди. Қушлару ҳайвонлар бу ерларни тарк этган.

11Эгамиз шундай деди: “Мен Қуддусни вайрон қиламан, Бу ерни чиябўриларнинг маконига айлантираман. Яҳудо шаҳарлари ҳувиллаб қолади, У ерда биронта ҳам одам қолмайди.”

12Мен Эгамиздан сўрадим: “Эй Эгам, нечун бу юрт шу қадар вайрон бўлиб кетди? Нечун саҳро каби ҳувиллаб қолди? У ерда биронта ҳам сайёҳ кўринмайди. Қайси фаросатли одамнинг бунга ақли етади?! Сен буларни ким орқали халққа етказасан?”

13Эгамиз шундай жавоб берди: “Мен халқимга қонунлар берган эдим, лекин улар рад этдилар, Менга итоат этмадилар, қонунларимга риоя қилмадилар.

14Аксинча, юракларининг ўжарликларини қилдилар, ота–боболари ўргатгандек Баалга сиғиндилар.”

15Шунинг учун Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Мен бу халққа аччиқ ўтдан едириб, заҳарли сувдан ичираман.

16Ўзлари ва ота–боболари билмаган халқлар орасига Мен уларни тарқатиб юбораман. Уларнинг кетидан қилич жўнатиб, қирдириб ташлайман.”

17Сарвари Олам шундай демоқда: “Энди қулоқ солинг! Йиғичиларни чақириб келинг, Уларнинг энг моҳирлари келсин.”

18Халқ шундай деди: “Уларга айтинг, тезроқ келсин. Биз учун марсия айтишсин, Кўзимиздан ёшлар оқсин, Киприкларимиздан сувлар тўкилсин

19Ана, Қуддусдан фарёд эшитилмоқда: “Хонавайрон бўлдик! Қандай шармандагарчилик! Юртимизни тарк этишга мажбурмиз, Уйларимиз вайрон бўлди.”

20Эй аёллар, Эгамизнинг сўзини эшитинг, Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзига қулоқ солинг. Қизларингизга марсия айтишни ўргатинг, Бир–бирингизга йиғи қўшиғини ёдлатинг.

21Ана, деразалардан ўлим ўрмалади, Қалъаларимизга кириб олди. Кўчалардаги болаларни йўқ қилиб ташлади, Майдонлардаги ёшларни қириб юборди.

22Эй аёллар, сизлар айтинг: — Эгамиз шундай демоқда: “Одамларнинг жасадлари ётади Даладаги гўнг каби, Ўроқ солинган буғдой каби. Уларни ҳеч ким йиғиштириб олмайди.”

23Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Донолар донолиги билан мақтанмасин. Кучлилар кучи билан мақтанмасин. Бойлар бойлиги билан мақтанмасин.

24Ким мақтанмоқчи бўлса, Худони биламан, деб мақтансин, Худони тушунаман, деб мақтансин. Мен Эгангизман. Мен меҳр–шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман.” Эгамизнинг каломи шудир.

25Эгамиз шундай демоқда: “Шундай кунлар келадики, бадани суннат қилинган, юраги эса суннат қилинмаган одамларнинг ҳаммасини Мен жазолайман.

26Ҳа, Мен Мисрликларни, Эдом наслини, Оммон халқини, Мўабликларни, сочини олдириб юрадиган чўл қабилаларининг ҳаммасини ва улар билан бирга Ўз халқим Яҳудони жазолайман. Чунки аслида, бу халқларнинг ҳаммаси суннатсиз, уларнинг юраги суннат қилинмаган.”