Забур 10:1-7 UZV2013 - Bible AI

1Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. [1] Эгамизда мен паноҳ топаман, Қандай қилиб сиз менга дейсиз: “Қуш каби учиб кетгин тоғларга.

2Қара, покдилнинг юрагини панадан отмоқ учун Қабиҳлар ёйларини тайёрлади, Ўқларини шайлаб, мўлжалга олди.

3Қонун, кўрсатмаларнинг асоси бузилса, Солиҳ нима қила олади?!”

4Эгамиз Ўзининг муқаддас Маъбадидадир, Эгамизнинг тахти самодадир. У инсонни кўздан қочирмайди, Нигоҳи инсонни текшириб туради.

5Эгамиз солиҳни ҳамда қабиҳни синайди, Зулмни севгучидан У ниҳоятда нафратланади.

6Қабиҳнинг устига чўғ, олтингугурт ёғдиради [1], Уларга улуш қилиб гармселни беради.

7Эгамиз адолатлидир, У тўғри ишларни севади, Тўғри юрадиган инсон Унинг марҳаматидан баҳраманд бўлади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>