Забур 103:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Эгамни олқишла, эй жоним. Эй Эгам Худо! Сен нақадар буюксан, Шуҳрату улуғворликка буркангансан.

2Ёпинчиққа ўралгандай нурга чулғангансан, Самоларни бир чодир каби ёйгансан.

3Осмондаги сувлар [1] узра даргоҳингни қургансан, Булутларни жанг араваси қиласан, Шамол қанотларини миниб кетасан.

4Шамолларни Ўзингга хабарчилар қиласан, Ловуллаган оловни хизматкорларинг этасан.

5Ҳеч қачон тебранмасин, дея Сен заминнинг пойдеворини [2] қўйгансан,

6Заминни либосга ўрагандай, Тубсиз сувлар ила ўраган эдинг, Ҳатто тоғлар чўққисини сувлар кўмган.

7Сенинг таҳдидларингдан сувлар чекинар, Сен гумбурлатган садодан улар қочар.

8Сувлар тоғлар устидан, водий бўйлаб оқарлар Сен улар учун тайин этган жойга.

9Бу сувлар тошмасин, деб, Яна ер юзини қайта қопламасин, деб Сен чегара қўйгансан!

10Булоқларни тоширдинг Сен сойликлардан, Булоқлар оқиб келар тоғлар орасидан.

11Жамики ёввойи ҳайвонларни булоқлар суғоради, Ёввойи эшаклар ташналигини қондиради.

12Оқар сувлар бўйида қушлар ин қуради, Шохлар орасидан улар сайрайди.

13Тоғларни суғорасан юқоридаги даргоҳингдан, Замин тўла сен ўстирган мева билан.

14Чорва учун Сен ўт–ўлан ўстирасан, Инсон фойдалансин, деб экинлар ўстиргансан, Егулигини тупроқдан олсин, дейсан.

15Сен берасан инсон кўнглини чоғ қилувчи шаробни, Юзга жило берувчи зайтун мойини, Инсон ҳаётига қувват берувчи нонни.

16Эй Эгам, Сенинг дарахтларинг, Ҳа, Ўзинг Лубнонда эккан садр дарахтларинг [3] Сувга яхши қонади.

17Қушлар дарахтларда уя қуради, Сарв дарахтида лайлак уй қилади.

18Тоғ эчкиси баланд тоғларда яшар, Бўрсиқлар эса қояларда уя қурар.

19Вақтни белгиласин, деб ойни яратдинг, Қуёш ҳам билади қачон ботишин.

20Қоронғулик чўктирганингда, тун бўлар, Ўрмондаги бор ҳайвон кезгани чиқар.

21Шерлар ўлжа ахтариб бўкирар, Ўз ризқ–рўзини, эй Худо, Сендан излар.

22Қуёш чиқар, улар ортга қайтарлар, Ўзларининг инларида ётарлар.

23Одамлар ўз ишларига чиқарлар, Оқшомгача юмушлари ила банд бўларлар.

24Эй Эгам, ишларинг ғоят турли–тумандир! Ҳаммасини донолик ила яратгансан, Замин Сен яратганларинг ила тўладир.

25Мана, буюк, бепоён денгиз, Сон–саноқсиз яратилганлар билан тўла, Катта–кичик жониворлар бор.

26Кемалар денгизларда қатнайди. Сувларда ўйнасин, дея Ўша махлуқ Левитанни [4] яратгансан.

27Эй Эгам! Ўз вақтида ризқимизни берсин, дея Уларнинг ҳаммаси Сенга кўз тикади.

28Уларга ризқини берганингда, йиғиб олади, Қўлларингни очганингда, улар еб тўяди.

29Юзингни яширганингда эса улар ваҳимага тушади, Жонларини олганингда, ўлиб, тупроққа қайтади.

30Руҳингни [5] юборганингда улар яратилади, Ер юзига янгидан ҳаёт берасан.

31Эгамизнинг шуҳрати то абад давом этсин, Эгамиз Ўз яратганларидан хурсанд бўлсин.

32Ерга У боққанда, ер титрар, Тоғларга текканда, тоғлар тутун чиқарар.

33Ҳаёт эканман, Эгамни тараннум этаман, Бор эканман, Худойимга ҳамду сано куйлайман.

34У ҳақидаги ўйларим хуш келсин Ўзига, Зотан, севинаман мен Эгам туфайли.

35Ер юзидан йўқ бўлсин гуноҳкорлар, Бўлмасин бошқа энди фосиқлар.

35 Эгамни олқишла, эй жоним! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

>