1Эгамизга шукр айтинг, Унга сажда қилинг, Бошқа халқлар орасида Унинг ишларини билдиринг.
2Тараннум қилиб Уни, ҳамду сано ила қўшиқ айтинг, Унинг жамики ажойиб ишларини айтиб беринг.
3Эгамизнинг муқаддас номи ила фахрланинг, Эгамизга юз бурганларнинг қалби шодликка тўлсин.
4Эгамизга юз буринг! Унинг қудратига, Унинг ҳузурида бўлишга интилинг.
5[5-6] Эй сизлар, Эгамизнинг қули Иброҳим насли, Эй Ёқуб ўғиллари — Эгамизнинг танлаганлари, Эсда тутинг Эгамиз қилган ажойиботларни, Унинг мўъжизаларини, чиқарган ҳукмларини.
7У Эгамиз Худодир, У чиқарган ҳукмлар бутун ер юзидадир.
8Ўз аҳдини У то абад ёддан чиқармас, Минглаб наслларга берган ваъдасини унутмас.
9Риоя қилар У Иброҳим билан қилган аҳдига, Исҳоққа қасам ичиб берган ваъдасига.
10Ёқуб учун бу аҳдни бир қонун қилди, Ҳа, Исроил учун абадий бир аҳд қилди.
11Айтдики [1]: “Канъон юртини сенга бераман, Уни мулк учун улуш қилиб бераман.”
12У замон уларнинг сони кам эди, Ҳа, жуда кам эдилар. Улар бу юртга келгинди эди.
13Кезарди бир халқдан бошқасига, Бир шоҳликдан бошқа юртга.
14Ҳеч ким уларни эзишларига Эгамиз йўл қўймади, Уларни деб шоҳларга танбеҳ берди.
15Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар, Пайғамбарларимга [2] зарар келтирманглар.”
16Канъон юрти устига Эгамиз очарчилик юборди, Битта қолдирмай егуликларга қирғин келтирди.
17Улардан олдин одам юборди, Ҳа, Юсуф [3] қул каби сотилди.
18Унинг оёқларига занжир урилди, Бўйнидан темир ҳалқа ўтказилди.
19Юсуфнинг сўзлари бажо бўладиган вақт келгунча, Эгамизнинг каломи Юсуфни синади.
20Миср шоҳи одам юбориб, Юсуфни қутқарди, Элларнинг ҳукмдори уни озод қилди.
21Юсуфни шоҳ саройининг бошқарувчиси қилиб тайин этди, Жамики мулкининг ҳокими қилди.
22Хоҳласа саройдаги аъёнларимни занжирбанд қилсин [4], Маслаҳатчиларимга донолик ила ўгит берсин, деб шундай қилди.
23Сўнгра Исроил Мисрга келди, Ҳа, Ёқуб насли Хом [5] юртида мусофир бўлди.
24Унинг халқини Эгамиз баракали қилди, Душманларига қараганда, кўпайтирди.
25Эгамиз Миср халқининг юракларини ўзгартирди, Улар Эгамиз халқидан нафратланди, Эгамизнинг қулларига қарши улар фитна уюштирди.
26Сўнгра Эгамиз қули Мусони юборди, Танлаб олган Ҳорунни бирга жўнатди.
27Мисрликлар орасида, ўша Хом юртида Иккаласи Эгамизнинг мўъжизаларини, ажойиботларини кўрсатди [6].
28Эгамиз зулмат юборди, Мисрни зулматга буркади, Мусо, Ҳорун Эгамизнинг амрларига итоатсизлик қилмади [7].
29Мисрнинг сувларини Эгамиз қонга айлантирди, Жамики балиқларини нобуд қилиб ташлади.
30Миср юрти тўлиб кетди қурбақаларга, Етиб борди ҳатто ҳукмдорларнинг уйига.
31Эгамиз амр берганда, сўналар галаси келди, Миср бўйлаб бургалар қайнаб кетди.
32Ёмғир ўрнига уларга Эгамиз дўл ёғдирди, Бутун Миср бўйлаб чақмоқ чақтирди.
33Узумзору анжирзорларини қуритди, Мисрдаги дарахтларни қўпориб ташлади.
34Эгамиз амр берганда, чигирткалар [8] келди, Сон–саноқсиз майда чигирткалар чиқиб келди.
35Улар Мисрдаги бутун ўт–ўланни еб юборди, Миср ўлкасидаги ҳосилни еб битирди.
36Мисрдаги жамики тўнғичларни Эгамиз урди, Уларнинг қудратининг илк ҳосилини йўқ қилди.
37Сўнг Эгамиз Ўз халқини Олтину кумушга бойитиб [9], олиб чиқди. Исроил қабилаларининг орасида қоқилиб қолгани бўлмади.
38Мисрликлар Исроилдан қўрқиб, ваҳимага тушганди, Улар кетганларида, Миср халқи севинди.
39Халқим устида ёпинчиқ бўлсин, деб Эгамиз булутни ёйди, Кечаси ёруғлик бўлсин, деб аланга берди [10].
40Исроил гўшт сўраганда Эгамиз беданалар берди, Осмондан нон ёғдириб, уларни тўйғазди [11].
41Эгамиз қояни очди, сув отилиб чиқди [12], Саҳро бўйлаб дарёдай сув оқди.
42Эгамиз Ўзининг муқаддас ваъдасини, Ўз қули Иброҳимга берган ваъдасини ёдда тутди.
43Шу боис халқини олиб чиқди севинч ила, Ўз танлаганларини шодлик ҳайқириқлари ила.
44Бегона халқларнинг юртларини уларга берди, Ўша халқларнинг бойлигини Исроил мулк қилиб олди.
45“Исроил халқи Менинг фармонимга риоя қилсин, Менинг қонунларимга итоат этсин”, дея Эгамиз мана шуларнинг ҳаммасини қилди.
45 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!