Забур 107:1-14 UZV2013 - Bible AI

1Довуд саноси. Қўшиқ.

2Эй Худо, юрагим Сенга содиқ, Жоним борича Сени куйлаб, қўшиқ айтаман.

3Уйғон, эй арфа, лира! Тонгни ҳам мен уйғотаман!

4Эй Эгам, халқлар орасида Сенга шукрона айтаман, Эллар орасида Сенга ҳамду сано куйлайман.

5Содиқ севгинг самолардай юксакдир, Садоқатинг булутларга чўзилгандир.

6Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер! Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.

7Ўнг қўлинг ила ғалаба ато қилгин, Менга жавоб бергин, Ўзингнинг севганларинг топсин нажот.

8Эй Худо, Ўз муқаддас маконингдан ваъда бергансан [1]: “Шодланиб Шакамни [2] бўлиб ташлайман, Сухўт водийсини [3] тақсимлаб бераман.

9Гилад Меникидир, Манаше [4] Меникидир, Эфрайим дубулғамдир, Яҳудо [5] салтанат ҳассамдир.

10Мўаб Менинг қўлювгичимдир, Эдом узра чориғимни отаман [6], Филистлар [7] узра зафар ила ҳайқираман.”

11Эҳ, қанийди мустаҳкам шаҳарга [8] мени олиб борсалар, Эдомга мени бошлаб борсалар.

12Эй Худо, ахир, бизни Ўзинг рад этдинг–ку! Лашкаримизга йўлбошчилик қилмаяпсан–ку энди!

13Душмандан қутқариб, бизга ёрдам бер, Инсоннинг ёрдами бутунлай беҳуда.

14Эй Худо, Сен билан биз ғолиб бўламиз, Душманларимизни Сен янчиб ташлайсан.

>