1[1]Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Тўғри инсонлар жамоасида бўлганимда, Бутун қалбимдан Эгамга шукр айтаман.
2Эгамизнинг ишлари буюкдир, Улардан лаззат олувчилар улар ҳақда фикр юритадилар.
3Эгамизнинг ишлари муҳташам, ҳайбатлидир, Унинг адолати то абад давом этади.
4Эгамиз унутилмас ажойиботларни яратди, У раҳмдил ва шафқатлидир.
5Ўзидан қўрққанларга ризқ–рўзини беради, Ўз аҳдини доимо ёдида тутади.
6Халқига қудратли ишларини кўрсатди, Бошқа халқлар ерини уларга берди.
7Ҳамма ишларида содиқ, адолатлидир, Унинг ҳамма амрлари ишончлидир.
8Уларнинг ҳаммаси то абад мустаҳкам туради, Эгамиз уларни садоқат, тўғрилик ила ижро қилди [2].
9У халқини қутқарди, То абад аҳди билан уларни Ўзига боғлади. Унинг номи муқаддас, қўрқинчлидир.
10Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир, Бундай йўл тутганларнинг ақли расодир, Унинг ҳамду санолари то абад давом этади.