Забур 111:1-10 UZV2013 - Bible AI

1[1]Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Бахтлидир Эгамиздан қўрқадиган одам, Унинг амрларини бажариб завқ оладиган одам!

2Бундай одамнинг авлоди юртда қудратли бўлади, Тўғри одамнинг насли барака топади.

3Унинг уйида мўлчилик, бойлик бўлади, Унинг солиҳлиги то абад давом этади.

4Ҳатто зулматда ҳам тўғри инсонга нур ёғилади, У раҳмдил, меҳрибон ва солиҳдир.

5Яхши одам сахий, қарз беради, Адолат билан иш юритади.

6Солиҳ ҳеч қачон тебранмайди, У то абад унутилмайди.

7У ёмон хабардан қўрқмайди, Бутун юракдан Эгамизга умид боғлайди.

8Юраги барқарордир, қўрқув нималигини билмайди, Охири душманлари мағлубиятини ўз кўзи билан кўради.

9Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди, Унинг солиҳлиги то абад давом этади. У қудратли, ҳурматли бўлади.

10Фосиқлар буни кўриб, ғазабга минади, Тишларини ғичирлатиб, шалвираб қолади, Фосиқларнинг истаги пучга чиқади.

>